Иқтисодиётини ўзгартиришда сунъий интеллектнинг роли қандай?
2024-05-03 09:35:00 / Янгиликлар

Сессияга SocraticsAI ва TRACE Capital Holdings бош директори Тимоти Юн модераторлик қилди.
Панель сессияси маърузачилари қуйидагилар бўлди:
- Шерзод Шерматов, Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири
- Антонио Бенжамин, Citigroupнинг собиқ техник директори
- Александр Крайнов, Yandex Machine Intelligence Лабораторияси раҳбари
- Андреа Ловато, Data Volt Fyuchers ва ечимлар директори
Тадбир давомида мутахассислар сунъий интеллектга асосланган алгоритмлар барқарор ривожланиш ва инновацияларни таъминловчи ўзгаришларда қандай муҳим роль ўйнашини муҳокама қилди. Улар СИ ёрдамида жараёнларни оптималлаштириш, одатий вазифаларни автоматлаштириш ва қимматли маълумотларни олиш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, сунъий интеллектнинг кириб келиши натижасида кутилаётган ўзгаришлар, инклюзив ва барқарор келажакни таъминлаш учун ушбу катта силжишга тайёргарлик кўриш зарурати муҳокама қилинди.
Экспертлар сунъий интеллектнинг минтақавий ва жаҳон иқтисодиётини ўзгартиришдаги ўрни, унинг таъсири ва муаммоларини таҳлил қилди.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов СИ одамлар ҳаётини осонлаштиришга ёрдам бериши кераклигини таъкидлади.
“Бу СИ нинг айнан биз қидираётган жиҳатидир. Сунъий интеллект ҳақида турли хил тушунчалар мавжуд. Шу билан бирга, биз унинг кейинги ривожланиши ҳақида ўйлашимиз ва жамиятимиз учун мумкин бўлган таҳдидларнинг олдини олишимиз керак.
СИ кенг омманинг малакасини ошириш учун ажойиб восита сифатида ишлатилиши мумкин. Ҳамма СИ нинг кўплаб имкониятларини гапиради ва ундан фойда олишга ҳаракат қилади. Биз ҳам СИ учун Датаволт билан жуда муҳим лойиҳа — тўлиқ яшил маълумотлар марказини ишга туширдик. Бу жуда ноёб лойиҳа, чунки у яшил энергия билан қувватланади”, — деди вазир.
Citigroup инвестиция банкининг собиқ техник директори Антонио Бенжамин СИ да нафақат Ўзбекистон, балки барча давлатлар учун хавф кўришини таъкидлади.
“Ўзбекистон ва ҳар бир давлат учун миллий ва суверен сунъий интеллект стратегиясига эга бўлиши жуда муҳим. Бу стратегия мамлакатингизнинг қадр-қиммати, тарихи ва миллий анъаналарини ўзида мужассам этиши керак”, — дея ўз фикрини билдирди у.
Yandex Machine Intelligence Лабораторияси раҳбари Александр Крайновнинг айтишича, дунёдаги барча қидирув тизимлари тўлиқ СИ технологиясига асосланиб улгурган. Унинг фикрича, келгуси 3-5 йил ичида тиббиёт ва таълим соҳасида ажойиб ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.


