Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Наманган вилоятида иқтисодий-ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
2025-10-10 22:25:00 / Янгиликлар
Дастлаб Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамроҳлигида Тўрақўрғон туманида ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тажриба станциясига қарашли хўжаликда пахта ҳосили ва терим жараёнлари кўздан кечирилди. Хорижий нав, қўшқатор экиш ва томчилатиб суғориш натижасида майдонларда кутилганидан зиёда саноат хом ашёси етиштирилди. Биринчи теримнинг ўзидаёқ 50-60 центнердан ҳосил йиғиштириб олинмоқда.

Дала майдонида теримчилар билан суҳбатлашиб, совғалар тақдим этилди.
Шунингдек, Ахсикент археология ёдгорлигида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишилди.
Ташриф давомида туман ҳудудидаги янги “Наманган” эркин иқтисодий зонаси, унда амалга оширилаётган 9 та йирик лойиҳалар бўйича ҳам Спикерга маълумот берилди.
Шунингдек, Мингбулоқ туманида амалга оширилаётган 151 миллион долларлик “Артмен” текстил лойиҳаси билан танишилди. Лойиҳанинг ишга тушиши билан 2000 та янги иш ўрни яратилади.








