Наманган шаҳрида АйТи парк Наманган филиали очилиши
2024-04-03 10:56:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Наманган вилояти ҳокими, Олий мажлис сенати аъзоси Шавкат Шокирджанович Абдуразаковнинг
Наманган шаҳрида АйТи парк Наманган филиали очилиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирдаги
Т А Б Р И К С Ў З И
Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир меҳмонлари ва ташкилотчилари, соҳа мутахассислари ва ёшлар!
Барчамизга маълумки, бугун ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан Янги Ўзбекистонни барпо этишдек эзгу мақсадлар йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, катта-катта лойиҳалар, дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда глобал тараққиётда муҳим ўрин тутаётган АйТи соҳасини ривожлантириш, соҳага ёшларни кенг жалб қилиш, юқори малакали миллий мутахассислар тайёрлаш йўлида имкониятлар кенгайтирилмоқда.
Жумладан, вилоятимизда ҳам рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ишлар боис АйТи Парк резидентлари сони 2023 йил бошида 18 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 42 тани ташкил этмоқда. Улардан 11 таси экспортёр корхоналар бўлиб, 18 таси рақамли таълим йўналишида ва 9 таси маҳаллий бозорга АйТи хизмати кўрсатиш йўналишида фаолият олиб бормоқда.
Ушбу резидентлар томонидан 2023 йилда 47,9 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилди, хизматлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 5,7 баробарга ошди.
Шунингдек, 2023 йилда 2,41 млн. долларлик хизматлар экспорт қилинди Бу соҳа 2022 йилга нисбатан 4,6 баробарга ортган.
АйТи парк резидентлари томонидан иш билан таъминланганлар сони 2022 йилда 200 нафар ташкил этган бўлса, 2023 йил якуни билан 216 нафарга етган (ўсиш 1,1 баробар).
Ҳудудда кўрсатилаётган ахборот коммуникация технологиялари хизматлари ҳажми 2023 йилнинг якуни билан 907,6 млрд. сўмни ташкил этиб, сўнгги 5 йилда 2 баробар ўсишга эришилди.
Шу билан бир қаторда, 2023 йилда ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 3 100 нафарни ташкил этди.
Вилоятда рақамли технологиялар соҳасини жадал ривожлантириш, рақамли таълимни ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш, АйТи соҳасида мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш, дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида АйТи паркнинг Наманган филиали ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус, жумладан учинчи ташаббус доирасида бугунги кунга қадар АйТи паркнинг таълим йўналишидаги резидентлари томонидан жами 12 минг нафардан ортиқ аҳоли, ёшлар ва давлат хизматчилари рақамли технологиялар соҳасида ўқитилиб, малакаси оширилди.
Шунингдек, ёшларни ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни амалга оширишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида, вилоятдаги олий таълим муассасаларида 2 та Инкубация марказлари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми бўлган “Coursera” онлайн платформада ўқув курсларида 2023 йилда 65 минг нафардан ортиқ ёшлар таълим олиб, сертификатларни қўлга киритишди.
Қадрли тантанали тадбир иштирокчилари!
Бугун Наманганда АйТи тизими янги босқичга ўтмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шундан келиб чиқиб, йил якунига қадар амалга ошириладиган асосий вазифаларга тўхталиб ўтсам.
Вилоятдаги 51 минг нафардан ортиқ ёшлар халқаро таълим платформалар ва АйТи марказларга жалб қилинган ҳолда рақамли технологиялар соҳасида ўқитилади.
АйТи парк резидентлари сони 50 тага етказилади.
100 нафар ёш дастурчилар халқаро АйТи бозорига чиқарилади.
Вилоятда 200 нафар давлат хизматчилари ва ёшлар халқаро Ай-Ти сертификатларга ўқитилади.
2024 йил якунига қадар хизматлар ҳажмини 170 млрд.сўмга, экспорт ҳажми эса 20 млн. АҚШ долларига етказилади.
5950 нафар ёшлар инглиз, немис ва бошқа хорижий тилларга ўқитилиб, АйТи компанияларга йўналтирилади.
Бугун очилаётган АйТи парк Наманган филиали мазкур йўналишда кўзда тутилган эзгу мақсадлар йўлида хизмат қилишига ишончимиз комил!
Бунинг учун Наманганда соҳа мутахассислари бир ерга жамланди. Сизларнинг тилингиз билан айтганда, коммунути яратилди.
Наманганлик барча АйТичиларга ушбу маскан муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!









