Солиқларни–ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир
2024-04-04 10:25:00 / Янгиликлар

Солиқлар - давлат томонидан амалдаги қонунлар асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг даромади ёки мол-мулкидан ундириладиган ҳамда бюджетга ўтказиладиган мажбурий тўлов. Солиқлар давлат бюджети даромадларининг асосий манбаи ва давлат иқтисодий сиёсати воситаларидан бири. Шундай экан солиқларни ўз вақтида тўлашимиз барчамизнинг бурчимиздир. Бироқ, айрим солиқ тўловчиларнинг бу мажбуриятни бажармагани оқибатида иш мажбурий ҳаракатларга бориб етмоқда. Айнан солиқ қарздорликларни ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида прокуратура органлари ва Мажбурий ижро бюроси томонидан тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бош прокуратура Ишчи гуруҳи томонидан жойларда солиқ қарздорликларни ундириш борасида учрашув ва мулоқотлар, тарғибот тадбирлари амалга оширилгани кутилган самара бермоқда. Таҳлилларга кўра, Бюронинг Наманган вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувида солиқ қарздорликни ундиришга оид 235,4 млрд. сўмлик 25 700 дан ортиқ ҳужжатлар мавжуд. Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 7 790 та ҳужжат ижроси тамомланиб, амалда 84,3 млрд. сўм маблағ ундирилган.
Шунингдек, солиқ қарздорликлари бўйича ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича жами 132 таси бўйича 128,3 млрд. сўмлик мол-мулклар хатланган. Ҳозирда 37 та, 87,4 млрд. сўмлик мол-мулклар реализация қилиш учун электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилган.
Масалан, Бюронинг Янги Наманган туман бўлими иш юритувида мавжуд бўлган қарздор “Биосервис” маъсулияти чекланган жамиятдан жами 1 млрд 995 млн. сўм солиқдан бўлган қарздорликни ундириш белгиланган. Жамиятга солиқ қарздорлигини тўлаш юзасидан бир неча маротаба огоҳлантиришга қарамай, белгиланган ихтиёрий муддатда тўланмаган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик эвазига жамиятга қарашли бино-иншоотлар хатланиб, 1,8 млрд.сўмга баҳолатилган. Жамият томонидан қарздорлик эса тўлиқ бартараф этилди. Амалда ижро ҳужжати якунланди.
Бу каби солиқ қарздорликлари билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасидаги ҳаракатлар давом этмоқда.
Фаррух Раҳматуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
бошқарма прокурори
Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда
Бугунги кунда бошқарув сервис компаниялар томонидан кўп қаватли уйлар ва уларда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Лекин айрим ҳолларда кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаётгани сабабли суднинг ижро варақаларига асосан қарздорликлар мажбурий тарзда ундирилмоқда.
Айнан Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликларни тўлиқ ундириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилда бўлимлар иш юритувига бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликларни ундириш бўйича 525 та 193,9 млн. сўмлик ҳужжатлар келиб тушган. Олиб борилган тадбирлар давомида 392 та ижро ҳужжати бўйича, 85,7 млн сўм қарздорлик ундирилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорларнинг номида бўлган 6,2 млн. сўмлик мол-мулклар белгиланган тартибда хатланиб, ҳозирда сотувга чиқариш чоралари кўрилмоқда. 21 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлик ундируви фуқароларнинг иш ҳақларига қаратилган.
Мисол учун, Бюронинг Тўрақўрғон туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида даъвогар "Тўрақўрғон бошқарув коммунал сервис" МЧЖ фойдасига 35 нафар қарздорлардан 16,1 млн. сўм қарздорлик ундирилган.
Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Алишер Турсунов,
МИБ Наманган вилоят бошқармаси
инспектори
Алиментни 2 йилдан бери тўламаётган қарздор топилди
Халқимизда “дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин” деган нақл бор. Лекин, бу ҳикматли ибора куни кеча ўз фарзанди учун моддий таъминотни бермай келган, боз устига қочиб юрган қарздорга гўёки тегишли эмасдир. Бўлмаса, 1 нафар фарзанди таъминотини ўз вақтида жойига қўйиб қўярди.
Маълум бўлишича, И.И турмуш ўртоғи билан 2022 йилда ажрашиб кетади. Суд буйруғига кўра, ундирувчи Н. Ж. фойдасига бир нафар фарзанди учун вояга етгунга қадар ҳар ойда топган даромадидан ¼ миқдорида алимент ундирилиши белгиланади. Қарздор эса шу кунга қадар умуман бир сўм ҳам тўлов қилмайди. Боз устига давлат ижрочиси яшаш хонадонига борса йўқ бўлади, тайинли бир жойда ишламайди. Устига-устак беркиниб, қочиб юради.
Натижада қарздорлик тўпланиб, 24,3 млн. сўмга бориб етади. Унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, топиш чоралари кўрилди. Олинган маълумотлар фойда бериб, норасмий никоҳдан ўтган турмуш ўртоғиникида яшаб юргани маълум бўлди. Бошқарма қидирув шўъбаси инспектори билан ҳамкорликда қарздор ота ушланди. Бу бўйича тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилди ва мазмунан кўрилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Илхомжон Долиев,
МИБ Наманган шаҳар бўлими
давлат ижрочиси
2023 йилда 339 мингдан ортиқ қути тамаки йўқ қилинган
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иш юритувдаги йўқ қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, 2023 йилда Бюронинг Наманган шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувига мамлакатимизда ноқонуний йўллар билан кириб келган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тўхтатиб қолинган ва суднинг қарорига асосан йўқ қилиш белгиланган 127 та ижро ҳужжати юзасидан умумий қиймати 2,856 млрд. сўмлик 339 297 та тамаки маҳсулотлар йўқ қилинган.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса 21 та ҳолатда 842 млн сўмлик 91.792 қути тамаки ёқиш йўли орқали йўқ қилинган.
Масалан, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг ҳукмина кўра Жиноят кодексининг 186-1 моддаси 3 қисми “а” банди билан судланган (аёл киши) М. Г ва унинг шерикларидан айланма йўллар орқали олиб ўтказилган ва ушлаб қолинган “WINSTON”, “ESSE”, “GOLD”, “ORIS”, “ZUMAZETT” номли 249,7 млн сўмлик 28 980 қути тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланган. Мазкур ҳужжат Бюронинг Янгиқўрғон туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Давлат ижрочиси томонидан тегишли мутассадди ташкилотлар ҳамкорлигида мазкур маҳсулотлар ёқиб юборилди.
Бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Ойбек Иноятов,
МИБ Наманган вилоят бошқармаси
инспектори
