“Наврўз” умумхалқ байрами
2024-03-19 11:48:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Муҳтарам меҳмонлар !
Сизлар билан 2024 йил Наврўзини биргаликда кутиб олмоқдамиз. Энг аввало, барчангизни чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.
Президентимиз ташаббуси билан «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида нишонланаётган бу унутилмас дамлар тарихнинг зарҳал саҳифаларига муҳрланса ажабмас. Зеро, шарқона янги йил ҳисобланган Наврўз арафасида олдимизга улкан мақсадларни қўямиз. Янги марраларни кўзлаймиз.
Қадрли ҳамюртлар!
Ҳурматли Юртбошимиз таклифлари билан кейинги йилларда Наврўз байрами янада жозибадорлик касб этиб бормоқда. Айниқса, уни халқ сайли сифатида нишонлаш анъанага айланди.
Бугун она Наманганимизнинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир маҳалласида бунга яққол гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ҳамюртларимиз Наврўз шодиёналарини ўзгача ҳурсандчилик билан нишонламоқдалар.
Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқдалар.
Азиз юртдошлар!
Бу йилги Наврўз байрамига муборак Рамазон ойининг тўғри келиши унинг шарофатини икки ҳисса оширди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишлар билан Наврўзимиз янада файзли ўтяпти.
Айниқса, вилоятдаги барча давлат ва жамоат идоралари, дахлдор ташкилотлар, қолаверса, саҳоватпеша инсонлар томонидан ўзгалар эътиборига муҳтож ҳамюртларимиз йўқланмоқда, ҳол-аҳвол сўралиб, ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак кўрсатилмоқда.
Бу эзгу ишларимизни изчил давом эттирамиз. Зеро, инсон қадри ҳар нарсадан улуғ эканлиги амалда исботланаётган юртимизда ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун олиб борилаётгани ўз исботини топмоқда.
Қадрли юртдошлар!
Таъкидлаб ўтганимдек, «Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили»даги мақсадларимиз ҳажми катта. Шу ўринда эътиборингизни айрим факт ва рақамларга қаратмоқчиман.
Масалан, биргина йўл инфратузилмасини олиб кўрайлик. Ўтган йилнинг ўзида 837,4 млрд.сўм маблағ ҳисобидан вилоятимизда:
- 116,1 км. умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари,
- 1 015 км. ички йўллар таъмирланди ва янгидан қурилди, - 16 та кўприкни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
Мисол учун, Давлатобод тумани “Халқлар дўстлиги” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Ғалаба” кўчасининг 2,2 км. қисми 16 млрд. сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилинди.
Жорий йилда ҳам ушбу йўналишда катта режалар тузилган. Хусусан,
- Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини марказ билан боғловчи янги йўл қуриш ҳамда Норин дарёси устида янги кўприк қуриш ишларига 184,9 млрд.сўм ажратилган бўлиб, бу бўйича кенг кўламли бунёдкорликлар бошланди;
- Андижон ва Наманган вилоятларини Тошкент шаҳри билан боғловчи давлат аҳамиятига эга “Пунгон-Наманган” автомобиль йўли (0-75 км.) қайта қуриш, 4 тасмали цемент-бетон қопламали шаклда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
Бу каби мисолларни бугун аҳолини электр энергияси, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қўйингчи, ҳар бир соҳа кесимида жуда кўплаб келтириш мумкин.
Гап қурилиш мавзусида давом этар экан, йирик лойиҳалардан бири - Давлатобод тумани ҳудудида барпо этилаётган «Янги Наманган шаҳарчаси» қурилишига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.
Бу ерда 721 та кўп қаватли турар жойлар ва кўплаб бошқа инфратузилма иншоотлари қад ростламоқда. Шу билан бирга, шаҳарча ҳудудида “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этиш ишлари ҳам амалга ошириляпти.
Режамиз, 63-халқаро «Гуллар фестивали»нинг тантанали очилиш маросимини айнан шу боғдаги амфитеатрда ўтказиш. Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, бу йилги фестивал ҳар қачонгидан бошқача бўлади. Уни қирқ кун давом эттириш, мазмундорлиги ва моҳиятини янада ошириш чораларини кўряпмиз.
Зеро, бу каби халқаро тадбирлар турзим салоҳиятини оширишда, вилоятга хориждан валюта оқимини кўпайтиришда мухим аҳамиятга эга.
Ҳурматли наманганликлар!
Қадим-қадимдан бободеҳқонларимиз баҳорни орзиқиб кутганлар. Деҳқончилик бошланиши олдидан тўй-тантана қилиб, Яратгандан бўлажак ҳосилга барака тилаганлар.
Биз бугун шундай шукуҳли ва муқаддас кунларда турибмиз.
Деҳқончилик йили бошида улуғ ниятларни қалбимизга жо қилганмиз. Бугунги ҳар бир ёруғ-очиқ кунлардан унумли фойдаланиб, мўл ва сифатли ҳосилга пухта замин яратиш деҳқонларимизнинг қатъий қароридир.
Келинглар, азиз ҳамюртлар !
Шундай қувончли дамларда улуғ ниятлар қилайлик. Аллоҳ таолодан ишларимизга ривож ва баракот тилайлик.
Азиз юртдошлар !
Мен барчангизни яна бир бор улуғ айём билан самимий қутлайман. Ҳар бирингизнинг умрингизга, касб-корингизга, рўзғорингизга барака тилайман.
Йил қандай ният билан бошланса, то охиригача ўша ният ҳамроҳ бўлади, дейишади. Шундай хурсандчилик билан бошланаётган йилимиз юртимизга тинчлик, бахт-саодат, қут-барака, ободлик ва фаровонлик олиб келсин.
Юртимиз истиқболига, азиз халқимиз бахт-иқболига асло кўз тегмасин.
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!









