Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Мингбулоқ туманида амалга оширилаётган бир қатор ижтимоий ва иқтисодий лойиҳалар билан танишди.
2025-07-24 14:20:00 / Янгиликлар

Шунингдек, вилоят ҳокими "Серҳаракат" маҳалласида маҳалла “еттилиги” ва нуронийлар билан учрашиб, ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари юзасидан фикр алмашди. Янги, замонавий услубда қурилаётган маҳалла биноси билан танишилди. Ушбу бино фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш ва бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
"Ўзгариш" маҳалласида эса “Шифо нур” хусусий клиникаси фаолият юритмоқда. 5,5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида ташкил этилган муассасада стоматология, лаборатория, ЛОР, педиатрия ва неврология йўналишларида хизматлар кўрсатилмоқда. Клиника йилига 600 нафар беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, 14 та янги иш ўрни яратилди.
Мазкур лойиҳалар Мингбулоқ туманида аҳолининг турмуш сифати, тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва ижтимоий муҳитни яхшилашга хизмат қилмоқда.









