Ёз-ўтмоқда соз!
2025-07-16 17:05:00 / Матбуот анжуманлари

Департаментнинг вилоят бошқармаси, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамкорлигида бугун Косонсой туманидаги “Соҳил” оромгоҳига Пресс-тур ташкил этилди. Унда вилоятдаги марказий ҳамда маҳаллий ОАВлар вакиллари, блогерлар иштирок этдилар.
Оромгоҳларда 12 кунлик дастур асосида турли хил қувноқ ўйинлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳамкор ташкилотларнинг саҳна кўринишлари, оромгоҳга яқин манзилларга саёҳатлари ташкил этилган. Малакали устозлар томонидан дам олиш масканларида болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида инглиз, рус тиллари ўқув машғулотлари ҳамда ташкил этилган тўгаракларга қамраб олинди. Бундан ташқари, ҳар бир оромгоҳда кунлик тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, кўнгилочар, концерт дастурлари, “Заковат”, қувноқ стартлар соғломлаштириш ўйинлари, “Мен севган эртак қаҳрамони” расмлар танлови, “Билимдон тадқиқотчилар”, “Эртаклар яхшиликка етаклар!” шиори остида энг яхши эртак қаҳрамонларини бадиий саҳналаштириш каби маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари айни йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишдилар. Болалар кайфияти, қизиқишларини ўргандилар. Мавзу юзасидан лавҳа ва репортажлар тайёрладилар.
Маълумот учун: ҳозирда Чуст туманидаги “Меҳржон” ва “Оби ҳаёт”, Норин туманидаги “Норин”, Поп туманидаги “Бинафша”, Янгиқўрғон туманидаги “Нанай” ва “Заркент”, Уйчи туманидаги “Умид ниҳоллари” болалар оромгоҳларида ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда болаларнинг саломатлиги, хавфсизлиги юзасидан барча зарурий чора-тадбирлар кўрилган.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









