Наманганда дунё миқёсидаги маданий ва туристик воқеликка айланган 64-Халқаро “Гуллар фестивали”нинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди
2025-07-14 06:25:00 / Янгиликлар

Бу йилги 64-Халқаро “Гуллар фестивали”нинг ўзига хос ва тарихий жиҳати шундаки, ўтган йили 40 кун ўтказилган фестивал бу гал маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, гулсеварлар, санъат ва маданият ихлосмандларининг талаб ва рағбатларини инобатга олган ҳолда илк бор 50 кун давом этди.
Фестивал доирасида вилоятга ташриф буюрган меҳмонлар сони 7 миллион нафардан ошди. Фестивал кунлари 8 триллион сўмлик савдо ва пуллик хизматлар кўрсатилди.
Тантанали маросимда "Энг обод, энг гулзор маҳалла" танлови ғолиблари, фестивалда муносиб иштирок этган туманлар, корхона ва ташкилотлар, гулчилар муносиб рағбатлантирилди. 3 та йўналишда биринчи ўринни қўлга киритган ғолибларга бош соврин – замонавий автомашиналар тантанали равишда топширилди.
Тадбир санъат усталарининг катта концерт дастури билан давом этди. Айниқса, пойтахтдан ташриф буюрган эл суйган хонандалар: Ғайбулла Турсунов, Имрон, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг чиқиши барчага байрамона кайфият улашди. Тантанали маросим мушакбозлик билан кўтаринки рухда якунланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.









