Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 32 йиллиги
2023-08-29 21:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар !
Муҳтарам меҳмонлар !
Бугун Сиз азизлар билан энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик байрамининг тантанали маросимида учрашиб турганимиздан бағоят ҳурсандман.
Авваламбор, бугунги қувончли айёмда бутун вилоятимиз аҳлини Ватанимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Байрам барчамизга муборак бўлсин !
Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди.
Айниқса, сўнгги етти йил мобайнида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратмоқда. Жаҳон ҳам ўз ўрнида, Ўзбекистонга юз тутмоқда.
Азиз вилоятимиз аҳли, ҳурматли юртдошлар!
Бу йил юртимизда Ватанимиз Мустақиллигининг 32 йиллик байрами
"Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" деган шиор асосида нишонланмоқда.
Ҳурматли Президентимиз томонларидан мамлакатимизда халқ билан мулоқот асосида аҳолига қулай шарт-шароит яратиш, барча соҳаларда янги тизим яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлари бутун дунё эътирофига сазовор бўлмоқда.
Ўтган йиллар давомида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, республикамизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам мислсиз ўзгаришларга гувоҳ бўламиз.
Албатта, 2023 йил аввалгиларига қараганда бу борада анча баракали йил бўлди.
Вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллаларимиз инфратузилмасини яхшилаш учун бу йилгидек катта маблағ ажратилган эмас.
Жорий йилда барча дастурлар доирасида 1 671 та объектларни ободонлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишларига жами 3,2 трлн.сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиб, берилган маблағ ўтган йилга нисбатан 1,7 трлн.сўмга кўпайганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.
Бу маблағлар эса вилоятимизни янгича қиёфа касб этишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Жумладан, берилган маблағ эвазига вилоятда 395,0 км ички йўллар асфальтланди, 21,1 км йўллар бетон қопламали йўлга айлантирилди ва 435,9 км йўллар шағалланди.
Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини марказлари билан боғловчи 17,5 км масофада янги йўналишда йўл қуриш ҳамда Норин дарёси устида янги кўприк қуриш ишларига 210 млрд.сўм ажратилганлиги, вилоятимиз йўлсозлиги тарихида мисли кўрилмаган лойиҳа амалга оширилаётганлигидан далолат беради.
Ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида ёндошилиб, 551 млрд.сўм маблағ ҳисобига 1,8 минг км тармоқ тортилди, 137 дона сув иншоот қурилди.
Бунинг ҳисобига 15,4 мингдан зиёд аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
Мисол учун, Поп тумани Уйғурсой маҳалласида 23 млрд.сўм маблағ ҳисобига “Ахча” сув иншоотидан 18 км ичимлик сув тортилди, 2,1 км канализация янгиланди.
Аҳолини электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш мақсадида электр энергиясининг қайта тикланувчи манбаларидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Поп туманида 1,5 минг Мега-Ваттли 3 та қуёш электр станцияси ҳамда Нориндаги “Катта Андижон магистрал канали”да 23 Мега-Ваттли 3 та кичик ГЭС қуриш бўйича ишларни бошланди.
Ҳурматли юртдошлар !
Муҳтарам Президентимиз томонларидан
2023 йил юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилинди.
Жорий йилда 159 та ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ишлари учун 552 млрд.сўм маблағ ажратилди.
Жумладан, 14 та мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш учун
66,4 млрд.сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Масалан, Чуст туманидаги Янги Ўзбекистон массивида 10,5 млрд.сўм ҳисобига 360 ўринли янги боғча қуриб фойдаланишга топширилди.
17 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 118,0 млрд.сўм маблағ ажратилди.
Масалан, Учқўрғон туманидаги 5-сонли мактабда
7,9 млрд.сўм эвазига қўшимча ўқув биноси ҳамда спорт зали қуриб, фойдаланишга топширилди.
Норин, Тўрақўрғон, Уйчи, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўргон туманларида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда капитал қурилиш ишлари олиб борилди.
Ёшларимизни олий таълим даргоҳларида ўқишга бўлган қизиқишларини инобатга олиб, сўнги 3 йилда 8 та олий таълим муассасаларини ташкил этилди ва уларнинг сонини 11 тага етказилди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича Наманган тиббиёти ҳақида сўз борар экан, тизимдаги янгиланишларни жаҳон андозаларига бемалол таққослаш мумкин.
Мисол келтирадиган бўлсак, Наманган кардиология марказига маҳаллий бюджетдан
5,2 млрд.сўм ажратилган маблағ ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Марказга Австрия давлатидан қиймати 8,9 миллион евролик тиббий аппарат ва жиҳозлар олиб келинди.
Марказда олдин 65 турдаги кардиожарроҳлик амалиёти бажарилган бўлса, янги аппаратлар ўрнатилгандан кейин 112 турга етказилди.
Ҳурматли юртдошлар !
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланган.
Бир ҳақиқатни аниқ англаб етишимиз керак. Камбағалликни қисқартириш учун аввало ишсизликни камайтириш керак.
Қолаверса, аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарур.
Вилоятни “Ишсизликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш мақсадида жорий йилда жами 564 минг 563 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратишни режалаштирдик.
Мақсадимиз одамларнинг меҳнат қилиб бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароитларни яратишдир.
Бугунги кунгача 274 минг нафар аҳоли бандлигини таъминланди.
Шу билар бирга, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, “Темир дафтар”га киритилган ва кам таъминлаган оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 22 минг нафар фуқароларга 17 млрд.сўм маблағлар сарфланди.
Инсонга эътибор тамойили нуқтаи назаридан хонадонбай ишлаш тизими орқали вилоятдаги 791 та маҳалладаги 249,7 минг нафар фуқаролар томонидан муаммолар кўтарилган бўлиб, бугунги кунгача 229,5 мингтаси (92%) ижобий ҳал этилди.
Жорий йил бошида “Ёшлар дафтари”га 20 067 нафар ёшлар киритилган эди. Ҳозиргача 15 335 нафар (77%) ёшларни муаммолари ўз ечимини топди.
“Аёллар дафтари”да турган 81 минг нафар хотин-қизлардан 75,6 минг нафарини (93,3%) муаммоли масалалари ўрганиб чиқилиб, бартараф этилди.
Қадрли дўстлар!
Бир вақтлар вилоятимизни, қишлоқ хўжалиги билангина мақташ мумкин эди.
Бугунги кунга келиб, иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ вилоят улкан бунёдкорлик майдони, тадбиркорлик ривожланаётган ҳудуд сифатида эътироф этилмоқда.
Агар қиёслайдиган бўлсак, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 1,7 трлн.сўмдан бугунги кунга келиб, 11 трлн.сўмга етказилди.
Умуман олганда, бугун Наманганда 30 мингдан зиёд тадбиркорлар фаолият олиб бормоқда.
Айнан Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлашлари натижасида шу йилнинг ўзида 3 000 дан ортиқ янги корхоналар иш бошлади.
Авваллари 1 та бирданига 500 ёки
1000 киши ишлайдиган корхона мавжуд эмас эди.
Хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида бугунги кунда бир вақтнинг ўзида 1 та корхонада 1000 дан ортиқ киши меҳнат қиладиган корхоналар сони 20 дан ортиб кетди. Бу эса албатта вилоятимизнинг иқтисодиётига ижобий таъсирини кўрсатади.
Биргина мисол, Давлатобод туманидаги “Фазман текстиль” МЧЖнинг қиймати 20 млн.долларлик европа стандартидаги тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди ва 1 500 та янги иш ўринлари яратилди.
Наманган тажрибаси сифатида ташкил этилаётган кичик саноат зоналари сони 73 тага етказилди.
Ушбу кичик саноат зоналарида 10,1 трлн.сўмлик 1 245 та лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 67 мингта янги иш ўринлари яратиш мўлжалланмоқда.
Бундан ташқари, жорий йил бошида 1 019 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларида 27 026 та иш ўринларини яратиш белгилаб олган эдик.
Мустақиллик кунига қадар қиймати 2,4 трлн.сўмлик 473 та лойиҳалар ишга туширилди, 8 409 нафар янги иш ўрни яратилди.
Байрам арафасининг ўзида 50 та инвестиция лойиҳалари ва 41 та ижтимоий соҳа объектларини фаолият бошлаши юртдошларимиз учун ўзига хос байрам туҳфаси дейиш мумкин.
Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақилликнинг 32 йиллиги кенг нишонланаётган бугунги кунда вилоятимиз аҳлининг истиқлолни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларни ривожлантиришдаги фидокорона меҳнатларига Президентимиз томонидан муносиб баҳо берилаётганлиги барчамизга катта ғурур, ифтихор бағишлайди.
Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан 20 август “Тадбиркорлар куни” муносабати билан соҳа вакилларининг бир гуруҳи мукофотланди.
Улар орасида Наманган шаҳридаги “Ифтихор кийим саноат” корхонаси таъсисчиси Иминжанов Адхам Шарипжанович “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Косонсойлик шахсий томорқа ер эгаси Эшонхожаев Ахмадхон Маматхонович “Дўстлик” ордени билан, Тўрақўрғондаги “Runamtex” корхонаси раҳбари Гюмюш Махфуза Маликжановна “Шуҳрат” медали билан тақдирланишди.
Бундан ташқари, 7 нафар тадбиркорларимизни “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланиши Наманганимизда тадбиркорликни ривожланаётганлигидан далолат бермоқда.
Қолаверса, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари, спорт ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан
18 нафар юртдошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланган.
Уларни юксак давлат мукофотлари билан самимий муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятларига муваффақиятлар тилаймиз!
Наманганимизга оид боқий ва қадим меросни дунёга кўз-кўз қилса арзийди.
Муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга ҳар бир ташрифлари бу йўналишда ҳам катта бунёдкорликларга асос бўлмоқда.
“Исҳоқхон Ибрат” мажмуаси, “Ахсикент” тарихий ёдгорлиги, “Султон Увайс Қароний” мажмуаси, “Ўн бир Аҳмад” каби зиёратгоҳларнинг бугунги бетакрор манзаралари фикримизга далилдир.
Шу ўринда туризм соҳасида ҳам беқиёс салоҳиятга эга эканлигимизни алоҳида таъкидламоқчиман.
Хусусан, 21 май-21 июнь кунлари ўтказилган “62-халқаро гуллар фестивали”да 100 минг нафардан ортиқ хорижий ҳамда 6 млн.нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳлар ташриф буюргани ҳам бу соҳада фойдаланишимиз мумкин бўлган имкониятлар кўлами кенглигининг исботидир.
Бундан ташқари, Янгиқўрғон туманидаги “Нанай” қишлоғи, Поп туманидаги “Чодак” ва “Парда Турсун” қишлоқлари, Чуст тумани “Ғова” қишлоғининг туризм салоҳияти кенгайиб, мамлакатимиз ва қўшни давлатлар аҳолисининг дам олиш масканларига айланмоқда.
Юртбошимиз томонларидан Фарғона водийсидаги ягона ёдгорлик – қадимий Ахсикент шаҳрининг Эски Ахси харобалари ўрнида жойлашган Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” археология мажмуасида очиқ осмон остидаги музейлар қуриш ва туристик мажмуа лойиҳаси учун
30 млн.доллар маблағ ажратилди.
Келгуси йилда бу мажмуанинг 3 минг йиллик тарихий санасини нишонлаймиз. Мажмуани ЮНЕСКОнинг маданий қадриятлар рўйхатига киритиш ишлари ҳам бошланган.
Келгусида археология мажмуа туристларни ўзига жалб этувчи йирик туристик объект бўлади деган ниятдамиз.
Ўрта Осиёдаги ягона "Афсоналар водийси" тематик истироҳат боғи ҳам туристларни жалб этиш бўйича йирик объектларимиздан бири бўлса, келгусида ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Давлатобод туманидаги собиқ “Ёшлар боғи” ўрнида “Ёшлар шаҳарчаси” ташкил этишни режалаштирмоқдамиз.
Бу шаҳарча йирик кўнгилочар масканлардан бирига айланишига умид қилиб қоламиз.
Азиз ҳамюртлар !
Наманган аэропортини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича ҳам ишлар бошланган. Бу эса юртимизга келувчи туристлар учун қулайлик яратади.
Наманган халқаро аэропортининг бўш ер майдонида юк терминали (КАРГО) фаолияти ҳам йўлга қўйилади.
Мақсад эса тадбиркорликни жалб этиш, халқаро хизматлар ва экспорт импорт ҳажмлари ривожлантиришни мўлжал қилинмоқда.
Ҳурматли юртдошлар !
Муҳтарам Президентимиз 2022 йил якунлари бўйича парламентга ва халқимизга йўллаган мурожаатномаларида Марказий Осиёда аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳарлар 7 тага етган бўлсада, пойтахтимиз билан бир қаторда Наманган шаҳри ҳам аҳоли сони бир миллионга етаётган йирик шаҳар ёки саноат, тадбиркорлик, таълим ва маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топиб, Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи ўринда эканлигини эътироф этган эдилар.
Бу ишларни узвий давоми сифатида улкан ишлардан "Янги Наманган" шаҳарчаси қурилишини мисол қилишимиз мумкин.
Ушбу манзилда 50 мингдан ортиқ хонадонли 721 та турар-жой мажмуалари, 28 та умумтаълим мактаби, 24 та болалар боғчаси, 5 та шифохона шунингдек замонавий бизнес марказлари, олийгоҳ, кутубхона ва юзлаб маиший хизмат кўрсатиш объектлари қад ростлайди.
Ишонтириб айтаманки, шаҳарча юзлаб турар-жой комплекслари, ишбилармонлик марказларига эга, минглаб одамлар уйли, ишли бўладиган, Наманганнинг ташриф қоғозига айланадиган манзилга айланади.
Сўзимнинг якунида, Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимизни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман.
Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!
Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин !
Эътиборингиз учун рахмат!









