64-халқаро «Гуллар фестивали» кундалиги:
2025-06-28 22:50:00 / Янгиликлар

Озодбек Назарбеков — ўзбек санъатининг ёрқин намоёндаларидан бири, бетакрор овоз эгаси ва маданият соҳасидаги етакчи раҳбарлардан бири. Унинг ижодий ва жамоатчилик фаолияти мамлакатимизда санъат ва маданиятни ривожлантиришда ўз ўрнига эга.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон халқ артисти, севимли хонанда сифатида сўнгги 9 йил ичидаги илк концертини Наманганда, айнан «Гуллар фестивали» тадбирлари доирасида берди.
Давлатобод туманидаги «Янги Ўзбекистон боғи» бу оқшом ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бу ердаги Амфитеатрда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ўзининг машҳур қўшиқларини жонли ижрода Наманган аҳли ва фестивал меҳмонларига тақдим этди.
Мухлислар ҳар бир қўшиқни олқишлар ва миннатдорлик билан қарши олишди.
"Баҳор" ашула ва рақс ансамбли раққосаларининг жозибали чиқишлари концертга янада файз бағишлади. Уларга ҳатто хорижий сайёҳлар ҳам қўшишилди.
Дастур давомида вилоят қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ғалла режасини бажарган бир гуруҳ фермерларга "Ташаккурнома" ва эсдалик совғалари топширилди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов фестивал мазмунан кун сайин кенгайиб бораётгани, талаб ва истаклардан келиб чиқиб, яна 2 хафта давом этиши ҳақида тўхталди.
Шундан сўнг концерт яна давом этди.
Маълумот учун: О.Назарбеков нафақат Ўзбекистон, балки, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби қўшни давлатларнинг ҳам маданият соҳасидаги юқори унвонларига эга.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.









