Косонсой туманида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида "Ёшлар фестивали" бўлиб ўтди
2025-06-15 08:00:00 / Янгиликлар

Дастлаб, “Намуна” маҳалласида жойлашган марказий ўйингоҳнинг очилиш маросими ўтказилди. Нуронийлар иштирокида рамзий лента кесилиб, иштирокчилар янги спорт комплексининг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Кўтаринки руҳда ташкил этилган байрам кечасида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, ёшлар байрами билан йиғилганларни қутлаган ҳолда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, Президент ташаббуслари ва давлат сиёсатида ёш авлодга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.
“Долзарб 90 кун” дастури доирасида вилоятда маданий-маърифий, спорт тадбирлари давом этиши таъкидланди. Наманганда ҳам иқтидорли, истеъдодли ёшлар кўплиги, чет тилларини биладиган, китоб ўқийдиган ёшларни кўпайтириш замон талаби эканлиги қайд этилди. Майдонга ўрнатилган монитор орқали Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқотида таъкидлаган ўғил-қизларни янги марраларга чорловчи даъватларини ифодалаган видеоролик намойиш этилди.
Фестивал давомида ёшлар сиёсатини амалга оширишда ўрнак бўлган соҳа вакиллари, маҳалладаги ёшлар етакчилари ҳамда фаол ёшлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланишди.
Гала концертда эстрадамиз ёрқин юлдузи Жалолиддин Аҳмадалиев томонидан куйланган шўх ва дилторлар қўшиқлар йиғилганларга қайноқ кайфият бағишлади.








