Наманганлик ўқувчилар “Заковат” турнирида ғолиб бўлиб, 100 миллион сўмни қўлга киритди
2025-05-11 20:10:00 / Янгиликлар

Ёшлар ўртасида билим ва тафаккурни ривожлантиришга хизмат қилувчи “Заковат” интеллектуал турнирининг республика босқичи ниҳоясига етди. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган мазкур мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан сараланган 42 та жамоа иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган беллашув якунларига кўра, Чуст туманидаги 52 - умумтаълим мактаби жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, 100 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, яқинда Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ўртасида ўтган "Заковат" турнирининг мамлакат босқичида Наманган шаҳридаги 1 - ихтисослаштирилган мактаб - интернати жамоаси ҳам биринчи ўринга лойиқ топилиб, 100 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланган эди.
Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати



