Пахтачиликда хориж технологиялари кенг жорий этилади
2025-04-29 17:59:00 / Янгиликлар

Ушбу Хитой технологияси бир вақтнинг ўзида чигитни бехато экади, томчилатиб суғориш учун елим қувурларини жойлаштириб кетади, қудратли насослар бир вақтнинг ўзида 150 гектар ерни суғоришга қурби етади. Хуллас, вақтдан ва маблағдан тежалади. Даромад ҳам шунга яраша кўп бўлади.
Наманган вилоятида ҳам бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ушбу усулни жорий этиш режалаштирилган. Шу мақсадда Наманганга келган “PENG SHENG AGROTECH” компанияси директори жаноб Song She Jie бошчилигидаги делегация вилоят ҳокимлигида қабул қилинди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд имкониятлар ҳақида тўхталди.
Меҳмонлар Хитой технологияси афзалликлари, ҳосилдорлик ўртача 60 центнерни ташкил этиши, уни етиштиришдан тортиб, қайта ишлашгача тизим яратилиши ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Учрашувда хорижлик инвесторлар вилоятда 5 минг гектар майдонда ушбу технологияни қўллаш учун Поп, Мингбулоқ, Наманган туманларидаги мавжуд яйлов ерларини ўрганишларига келишиб олинди.
Маълумот учун: “Ўзбекистон-2030” стратегиясидаги беш устувор йўналишнинг учинчиси сифатида “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳит муҳофазаси” масаласи белгиланган бўлиб, 2030 йилгача сув тежовчи технологияларни 4,3 млн. гектарда қўллаш кўзда тутилган.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.



