Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт
2025-03-30 13:00:00 / Янгиликлар
Кўп миллатли юртимизда ўзаро тотувлик ва бирдамлик тамойиллари устувор бўлиб, ҳар бир байрам катта шоду-хуррамлик билан ўтади. Айни дамда, Учқўрғон туманидаги “Ёшлар боғи”да Наврўз ва муборак Рамазон Ҳайити байрамлари “Буюк келажакни бирга қурамиз” шиори остида юқори кайфият билан нишонланмоқда.

Учқўрғон тумани Қирғизистон билан чегарадош ҳудуд ҳисобланиб, бу ерда турли миллат ва элат вакиллари бир оиладек аҳил ва иноқ ҳаёт кечиришади. Шу боис, ушбу байрам тадбирлари нафақат миллий, балки халқаро дўстлик ва ҳамкорлик руҳида ўтмоқда.
Байрам доирасида халқ ўйинлари, концерт дастурлари, миллий спорт мусобақалари ва ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилмоқда. Тадбирларда ёшлар, нуронийлар, ижодкорлар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.
Учқўрғонликлар ушбу байрамларни нафақат маданий мерос, балки дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида нишонлашмоқда.









