Наманган 64-халқаро "Гуллар фестивали"га тайёрланмоқда
2025-03-16 17:55:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бугунги ўрганишлари давомида вилоят марказида бу йил 64-бор ўтказиладиган халқаро "Гуллар фестивали"нинг ташкилий масалаларига ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, вилоят раҳбарига Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталувчи маданият ва истироҳат боғини фестивал доирасида безатиш юзасидан лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилди.
Вилоят ҳокими ташқи безак ишларига фестивал доирасида ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар қизиқишларини эътиборга олган ҳолда миллий анъаналар уйғунлигида ёндашиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Коя балиқлари парваришлаш учун ташкил этилаётган ариқ ва ховузлар билан ҳам танишилди.
Коя Япония балиғи-декоратив карп балиғи бўлиб, "нақшинкар карп" деган маънони англатади. Коя балиғи табиатда яшовчи оддий карплардан селекция орқали олинган ва ранг-баранг турлари мавжуд. Хусусан, оқ, қизил, қизғиш, кўк, сариқ, қора ва бошқа турли хил рангли вариантлари одамга эстетик завқ бағишлайди.
Шу боис фестивал иштирокчилари, айниқса, болажонларга кўтаринкилик улашиш мақсадида бу йил боғ атрофидаги ариқлар ҳамда боғ ичидаги 1 гектарлик сунъий кўлга Коя балиқлари ташланади. Ҳозирда бунинг учун астойдил ҳаракат бошланган.
Вилоят ҳокими шунингдек, "Намангансой" атрофида барпо этилган ободонлаштириш ишларининг бугунги ҳолатини ҳам ўрганди. Катта саъй-ҳаракатлар билан амалга оширилган гўзал манзарани сақлаш, яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб, бу бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.









