Наманганда замонавий ер усти пиёдалар кўприги қурилиши қизғин давом этмоқда
2025-02-16 20:20:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, Наманган шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида жойлашган "Сардоба" бозори ҳудудида пиёдалар учун ер усти эскалаторли кўприк қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
"Сардоба" чорраҳаси транспорт ва аҳолининг зич ҳаракатланадиган нуқталаридан бири ҳисобланиб, ушбу ҳудудда кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари жойлашган. Пиёдаларнинг эркин ҳаракатланиши ва хавфсизлигини таъминлаш учун ҳудудда замонавий талабларга жавоб берадиган ер усти кўприги барпо этилмоқда.
Лойиҳага кўра, янги кўприк ҳар тарафдан ҳаракатланувчи эскалаторлар билан жиҳозланади. Бу нафақат пиёдалар учун қулайлик яратади, балки ногиронлиги бор шахслар, болали ота-оналар ва нуронийларнинг ҳам осон фойдаланишларини таъминлайди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов янги кўприк қурилиши жараёни билан яқиндан танишди. Қурилишга жалб қилинган мутахассислар билан суҳбатлашиб, лойиҳа ижросини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича топшириқлар берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.






