Норин туманида балиқчилик ривожлантирилади
2025-01-13 12:00:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, Норин туманида “Fishville Norin” корхонаси томонидан давлат - хусусий шерикчилик асосида мелиоратив қудуқ атрофида 3 дона интенсив бассейн синов тариқасида барпо этилган эди.
Ушбу тажриба асосида туманда жойлашган 84 та тик қудуқларда давлат - хусусий шериклик асосида супер интенсив усулда йилига 8500 тонна форель балиқлари етиштириш лойиҳаси самарали амалга оширилмоқда.
Янги 2025 йил бошида Норин туманида яна бир йирик лойиҳага тамал тоши қўйилди - "Норинкапа" массиви ҳудудида 2,2 гектар ер майдони ажратилди.
Бу ерда лосось, форель ва осётр каби ноёб балиқлар етиштиришдан ташқари, туман аҳолиси ва вилоятимиз меҳмонлари учун замонавий ресторан қурилади.
20 млн. долларлик ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида қарийб 150 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади, туман бюджетига тушум кўпаяди ҳамда ҳудуд ривожланишига катта ҳисса қўшилади.
Тамал тоши қўйиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашди ва янги лойиҳага муваффақият тилади.
Шу ерда жонлиқ сўйилиб, нуронийлар томонидан эзгу ишга оқ фотиҳа берилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.






