«Янги асарларимиз учун илҳом берди бу манзил», - Ахсикентга етти иқлимдан шоир-ёзувчилар келди
2024-10-31 09:20:00 / Янгиликлар

«Uzbekistan’s Literature and Art Bridge - Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприк» дастури доирасида Ўзбекистонга дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатидан ижодкорлар ташриф буюрдилар. Улар уч кундан бери Наманган вилоятида бўлиб турибдилар.
- UzLAB ташаббусидан кўзланган мақсад – адабий, маданий алмашув, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиш учун имконият яратиш, мунтазам ҳамкорлик қилиш, кўргазмалар ўтказиш, китоблар чоп этишдан иборатдир. Шунинг бу орқали мамлакатимиз туризмини тарғиб этамиз, - дейди лойиҳа асосчиси ўнлаб мумтоз ва замонавий ўзбек ижодкорлари асарларини инглиз тилига таржима қилиб чоп эттирган шоир ва таржимон Аъзам Обид.
- Ахсикент бизни ўзига ром этди. Бу тарихий маскандан руҳий қувват олдик. Уч минг йиллик тарихни ўзида жо этган қадим манзилга яна келиш иштиёқи бор, - дейди австралиялик адиб Марк Маклауд.
Ҳиндистонлик Керан Бат ҳам Ахсикент сафари Ўзбекистон ташрифини кульминацион нуқтаси бўлганини таъкидлади. - Мен жуда катта таассурот билан кетмоқдаман. Ҳиндистонни гуллатиб-яшнатган Бобурийлар киндик қони тўкилган диёрга келганимдам бошим осмонда, - деди у
Дастурда Япониядан Кипрга қадар – дунёнинг турли буржидан келган ижодкорлар қатнашмоқда. 24 октябрдан 7 ноябрга қадар давом этадиган дастур давомида меҳмонлар юртимиз бўйлаб мушоира, бадиий ўқиш кечалари, ижодий учрашувларда қатнашадилар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейлари, диққатга сазовор тарихий жойларга саёҳат қиладилар.
- Эътиборга молик жиҳати, дея рамзий ном билан аталган дастур бюджет маблағларисиз, кўнгиллиларнинг ҳиммати эвазига амалга оширилмоқда. Иштирокчилар ҳам меҳмонхонада эмас, балки ўзбекистонлик ижодкор уйларида яшашади, - дейди Орзу ва ҳаёт лойиҳаси раҳбари Илҳомжон Қосимов.
Бу йилги ижодий дастурда Юсуке Мияке (Япония), Рашида Исмоилий (АҚШ), Нурдуран Думан (Туркия), Соня Манойлович (Хорватия), Элис Сун-Куа (Филиппин), Aнна Ломбардо (Италия), Решма Рамеш (Ҳиндистон), Алексис Берно (Франция), Неше Яшин (Кипр) ва бошқа ижодкорлар иштирок этмоқда.









