Юрт келажаги учун овоз бердим
2024-10-27 11:50:00 / Янгиликлар

Бугун мамлакатимизда ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига Наманган вилоятида ҳам жиддий ҳозирлик кўрилди. Жараёнда биз Наманган ёшлари ҳам фаол иштирок этаётганимиздан хурсандмиз.
Мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидорларини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунинг натижасида юксак марраларни забт этаётган ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Мен айни вақтда талабаман. Шу билан бирга юртимизда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ёш авлодни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли ишларга ўз ҳиссамни қўшиш учун доимий изланишдаман. Ҳозирги кунда фаол ёш сифатида имконияти чекланган болалар, иқтидорли ва истеъдодли талабалар, хотин-қизлар учун 100 дан ортиқ ижтимоий лойиҳалар ташкил этдим.
Масалан, талаба-қизларнинг фаоллигини ошириш, гендер сиёсатини кенг тарғиб қилиш ва жамиятда хотин-қизларнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Girls for girls” таълим алмашинув дастурини йўлга қўйиш орқали 500 дан ортиқ қизларни ушбу лойиҳага жалб қила олдим.
Бу каби изланишларим ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ўтган йили Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ислоҳотлар билимдони” Республика кўрик-танловининг финал босқичида фахрли 3-ўринни қўлга киритган бўлсам, жорий йилда “Ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланганим менга янада ғайрат бағишлаш баробарида масъулият ҳам юклади.
Бугун сайловда ўзим истиқомат қилаётган ҳудуддаги 83-сайлов участкасида тенгдош дугоналарим билан иштирок этиб, юрт келажаги учун овоз бериш жуда ҳаяжонли ҳамда фахрли бўлди. Партиялар ҳамда номзодлар сайловолди дастури билан яқиндан танишганман. Бугун сайловда овоз бериб, ўзим маъқул деб топган номзодни қўллаб-қувватлаганимдан хурсандман.
Мастурахон Набихонова,
Наманган Давлат педагогика институти талабаси,
“Келажак бунёдкори” медали соҳибаси.



