Ҳамдардлик
2024-10-07 15:05:00 / Янгиликлар

Николай Фёдорович БОРИСОВ
Наманган вилояти жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, уруш ва меҳнат фахрийси, бутун умрини эл - юрт манфаати йўлидаги самарали меҳнатга сарфлаган Николай Фёдорович Борисов 100 ёшида вафот этди.
Н.Борисов 1924 йилда Россияда туғилган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Кўкси орден-медалларга тўлган Николай Фёдорович урушни ғалаба билан тамомлаб, уйига қайтади, лекин яқинларидан, қариндошларидан ҳеч кимни топа олмагач, қуролдош дўсти Мўминжон билан бирга 1948 йили Ўзбекистонга, Наманганга келди.
Наманганни ўз юртидек севган ва қадрлаган Николай Борисов Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олиб, иқтисодчи мутахассислигига эга бўлди ва Наманган шаҳар электр тармоқлари корхонасида 20 йил ишлади. Шундан сўнг Наманган шаҳар ижроия қўмитасининг режалаштириш ҳамда статистика бўлимларида фаолият кўрсатди.
Самарали меҳнатлари учун бир неча бор медаллар, “Фахрий ёрлиқ”лар билан тақдирланди.
Н. Ф. Борисов 2004 йили - 80 ёшида нафақага чиққанидан кейин ҳам маҳаллада, корхона, ташкилот, муассасаларда, таълим муассасаларида ёшлар билан ташкил қилинган учрашувларда фаол қатнашди. Бугунги доруломон кунларга осонликча эришилмагани, тинчликнинг қадрига етиш лозимлигини таъкидлади, ёшларни ватанпарвар, юртпарвар бўлишга даъват этди.
Вилоятимизда кўпларнинг севимли устозига айланган Борисов Николай Фёдорович оилапарвар инсон ҳам эди. У турмуш ўртоғи билан икки ўғилни шу юртга муносиб фарзанд этиб тарбиялади, тўрт невара ва яна шунча эваранинг суюкли бобоси ҳам эди.
Николай Фёдорович Борисовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу сақланади.
Наманган вилояти ҳокимлиги.
