НАМАНГАНДА КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ III МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ
2026-10-24 08:05:00 / Янгиликлар

Мажлисда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, тармоқ касаба уюшмалари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, йирик бошланғич ташкилотларнинг раислари, Давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Дастлаб Кенгаш аъзолари орасидан мажлис ишчи ҳайъати, котибияти, саноқ комиссияси таркиби сайлаб олинди. Шундан сўнг, кун тартибидаги масалаларга ўтилди.
Ҳозирга вақтга қадар вилоят Кенгаши раиси вазифасида ишлаб келган Х.Хожаевнинг саломатлиги ёмонлашганлиги туфайли лавозимидан озод этиш бўйича ариза билан қилган мурожаати қаноатлантирилди.
Унинг бевосита бошчилигида ўтган 5 йил ичида касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилгани эътироф этилди.
Шундан сўнг, Султанов Азамжон Маҳмудович бир овоздан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти Кенгаши раиси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош Кенгаши таркибига вакил этиб сайланди.
Мажлисда таъкидланганидек, касаба уюшмалари ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги муносабатларда ижтимоий ҳамкорликни таъминлаш, меҳнат жамоалари манфаатларини ҳимоя қилиш ва ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Шундан келиб чиқиб, касаба уюшмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, меҳнаткашлар манфаатларини таъминлаш ва белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.









