Кузги долзарб юмушлар – шудгорлашдан тортиб, ариқ-зовурларни тозалаш, ерга-ер қўшиш, дала маданиятини шакллантириш асосий эътиборда!
2026-10-21 14:15:00 / Янгиликлар

Бу йил Наманган пахтачилигида тарихий натижа қўлга киритилди – етиштирилган мўл ҳосил қисқа фурсатда йиғиштириб олиниб, пахта сотиш режаси ортиғи билан уддаланди. Бу эса кузги муҳим тадбир – шудгорлаш ва бошқа юмушларни эртароқ амалга ошириш имконини бермоқда.
Вилоят қишлоқ хўжалиги ҳамда соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар мутасаддилари, туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ва бошқа масъуллар иштирок этган семинарда шудгорлашни талаб даражасида, сифатли ташкил этиш, ерга-ер қўшиш, дала маданиятини шакллантириш каби агротехник тадбирлар амалда кўрсатиб берилди.
Ушбу мавсумда вилоят бўйича шудгорланиши белгиланган 108 477 гектар майдоннинг 12 241 гектари ғўзадан, 70 728 гектар такрорий экиндан, 25 328 гектари эса бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан бўшаган майдонлар ҳисобига тўғри келади. Шудгорлаш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида 126 та отрядлар шакллантирилди.
Семинарда ушбу отрядлар узлуксиз ишлаши ва мавсумни тез кунларда якунлаши учун кўрилган чоралар, бириктирилган техника ҳамда эҳтиёт қисмлар заҳираси ҳам кўздан кечирилди. Отрядлар аъзолари рағбатлантирилди.
Шу ерда жонлиқ сўйилди. Кузги долзарб юмушларга хайр-барака сўраб, нуронийлар томонидан дуолар қилинди.
Семинар йиғилишида соҳа мутасаддиларининг ҳисоботлари эшитилди. Тажрибали оқсоқолларнинг маслаҳатлари тингланди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кун тартибида кўрилаётган масалаларга бирма-бир тўхталиб, соҳа ходимлари олдида турган вазифаларни белгилаб берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









