Обод бўлаётган"Шовон": йўллар созланиб, инфратузилма ривожлантириляпти, драйвер қўллаб-қувватланмоқда
2026-10-20 17:15:00 / Янгиликлар

Мазкур маҳалла аҳли қўйчилик билан шуғулланишда тобора илгарилаб боряпти. Ҳозирда 500 га яқин хонадонда қўй парваришланаётган бўлса, 30 дан ортиқ фуқаро бошқа вилоят ҳамда қўшни республикалардан зотдор жониворларни келтириб, тадбиркорлик билан фаол шуғулланмоқда. Мана шу омилни назарда тутган ҳолда ҳудуддаги фойдаланилмай турган 1 гектардан ортиқ майдонда қўйчилик маркази ташкил этишга киришилган.
40 дан зиёд қўйхоналар қуриш ҳамда чорва ҳайвонларига хизмат кўрсатувчи ветеринария шохобчаси ташкил этишдан тортиб тери ва жунни қайта ишлашгача бўлган жараёнлар қамраб олинадиган марказда савдо-сотиқ учун барча шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Шунингдек, лойиҳадан ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, турли йўналишларда хизмат кўрсатувчи шохобчалар бунёдга келтириш ҳам ўрин олган. Мазкур марказнинг асосий аҳамияти шундаки, аҳолини расмий иш билан банд қилиш ва даромадини оширишда ўрни алоҳида бўлади.
Ҳозирда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Вилоят ҳокими бу ерда чорвадорларга яратиб бериладиган шароитларни янада мукаммаллаштириш бўйича таклифларини берди.
"Шовон" маҳалласидан "Гулқишлоқ" маҳалласи томон олиб борувчи йўл бўйида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ҳудуднинг транспорт қатнови ва аҳоли гавжумлиги инобатга олиниб, мазкур йўналишни замонавий ва обод кўчага айлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда фақат йўлни таъмирлаш билан чекланиб қолинмай, кўчанинг умумий инфратузилмаси комплекс тарзда яхшиланмоқда. Йўл қопламаси, пиёдалар ҳаракати, кўча ободончилиги ва хизмат кўрсатиш соҳалари бир-бири билан уйғун ҳолда ташкил этилмоқда. Шавкатжон Абдураззоқов аҳоли хонадонлари ташқи кўриниши ҳам шунга мос равишда бўлиши ҳақида масъулларга кўрсатма берди.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









