Хирмонга барака: Наманган вилоятининг лабзи ҳалол пахтакорлари режани ортиғи билан бажардилар!
2026-10-18 06:05:00 / Янгиликлар

Эътиборга молик томони, бу йил режа қисқа фурсатда - мамлакатимизда пешқадамлар сафида, водийда эса биринчилардан бўлиб бажарилди.
Таъкидлаш жоиз, йиғим-терим мавсумида Чортоқ тумани Республикамизда биринчилардан бўлди. Шундан сўнг, катта карвон Тўрақўрғон, Уйчи, Наманган, Учқўрғон, Чуст, Норин, Мингбулоқ туманлари ҳам бирин-кетин ғалаба маррасини забт этдилар.
Жорий йилда вилоят бўйича 48 минг 800 гектар майдонга чигит экилиб, экинлар агротехник талаблар асосида парваришланди. Қабул пунктларига ҳар гектардан ўртача 52,2 центнердан ошириб, жами 254 минг 500 тоннадан зиёд сифатли саноат хомашёси етказиб берилди.
Қувонарли томони, бу йил далаларда пахтадан олинаётган ҳосилдорлик кескин ошди. Дастлабки таҳлилларга кўра, вилоятдаги бир қатор илғор фермер хўжаликлари юқори натижага эришмоқда. Масалан, Тўрақўрғон туманидаги «Турсунбой Комилов», «Бахтиёр Неъмат Шавкат», Учқўрғон туманидаги «Тошпўлат ҳожи», Уйчи туманидаги «Замин» хўжаликларида 90 центнердан ошириб хирмон кўтарилди.
Табиийки, бу натижалар замирида асосий майдонларга Шинжон технологияси асосида хорижнинг сифатли сара уруғи экилгани, ғўзага замонавий технологиялар асосида ишлов берилгани, бир сўз билан айтганда, соҳага илм-фан, билим ва тажриба билан ёндашилгани турибди.
Зеро, қишлоқ хўжалигида илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш ҳосилдорликни ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Экиш схемаларини такомиллаштириш, кўчатлар сонини мақбуллаштириш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ер имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Замонавий технологиялар сув ва меҳнат ресурсларини тежаш, иш жараёнларини тезлаштириш ҳамда ҳосилни ўз вақтида йиғиб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, пахта теримининг механизациялаштирилиши инсон меҳнатига бўлган эҳтиёжни камайтириш билан бирга, терим суръатини ошириш имконини бермоқда.
Бугунги кунда вилоятда 189 та пахта териш машинаси мавжуд бўлиб, 48,8 минг гектар пахта майдонининг 37,8 минг гектаридаги ҳосил терим агрегатлари ёрдамида териб олинди. Бу пахтачиликда замонавий техника имкониятларидан самарали фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Эътиборлиси, етиштирилган пахта толаси маҳаллий тўқимачилик кластерларида қайта ишланиб, ип-калава ва газлама маҳсулотларига айлантирилмоқда. Бу эса хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган қўшимча қиймат занжирини ривожлантириб, вилоят иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Пахтачиликда эришилган ушбу юқори натижа фақат жорий мавсум билан чекланмайди. Пахтадан бўшаган майдонларга очиқ усулда ғалла экиш ишларини ўз вақтида ташкил этиш ердан йил давомида самарали фойдаланиш ва кейинги ҳосил учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.
Мўл ҳосил, ҳалол меҳнат ва ғалаба нашидаси — Наманган пахтакорларининг зафарли меҳнати самарасидир!
ЯНА БИР БОР ҒАЛАБА МУБОРАК, АЗИЗ ЮРТДОШЛАР!









