ЧУСТДА САНОАТ САЛОҲИЯТИ ОШМОҚДА: ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҚУВВАТЛАРИ
2026-10-17 13:20:00 / Янгиликлар
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Чуст туманидаги «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган «Chust Ay-Nur Ip» МЧЖ ХК фаолияти билан яқиндан танишди.

Хусусан, акрил хомашёсидан ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси, корхонада амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар ўрганилди. Маълумот учун, умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур лойиҳа доирасида йилига 4 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қуввати яратилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда корхонада 80 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш учун замин яратади.
Вилоят ҳокими корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, саноат корхоналарини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Чуст тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати




