ЧУСТДА ЯНГИ 200 МИЛЛИОН ДОЛЛАРДАН ОРТИҚ ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
2026-10-15 16:10:00 / Янгиликлар
Чуст туманида саноатни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хитой Халқ Республикасининг Raising Sun Technology Co. Ltd компанияси томонидан Чуст туманида материаллар учун бўёқлар ишлаб чиқарувчи замонавий корхона барпо этиш режалаштирилган. Уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳага жами 200 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритиш мақсад қилинган.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Чуст тумани эркин иқтисодий зонаси ҳудудида мазкур лойиҳа доирасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Таъкидланишича, лойиҳанинг биринчи босқичида 85 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 500 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Корхона фаолиятини экологик талаблар асосида ташкил этиш ҳамда замонавий технологияларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши Чуст туманининг саноат салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Чуст туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати




