НОРИН БУГУН: РАВОН ЙЎЛЛАР — ОБОД ҲАЁТ, ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ВА ФАРОВОН КЕЛАЖАК САРИ!
2026-10-13 10:35:00 / Янгиликлар

Равон йўллар — тараққиёт белгиси, ободлик кўзгуси ва аҳоли фаровонлигининг муҳим омили. Бугун Норин туманида амалга оширилаётган йўлсозлик ишлари ҳудуд инфратузилмасини янгилаш, одамлар учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган вазифалар ижроси доирасида тумандаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Норин тумани ҳудудидан ўтувчи «Чўжа қишлоғи — Норинкапа қишлоғи — Ҳаққулобод шаҳри» автомобиль йўлини таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун олтмиш миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа доирасида жами йигирма уч километр йўлга асфальт ётқизиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар унинг ўн етти километрида асфальтлаш ишлари якунланди. Қолган қисмларда ишлар изчил давом этмоқда.
Йўлни янгилаш жараёнида қатнов қисмини кенгайтириш, пиёдалар учун замонавий йўлаклар барпо этиш, сув чиқариш тизими учун лотоклар ётқизиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу эса ҳаракат хавфсизлигини ошириш, аҳолига қулайлик яратиш ва ҳудуднинг қиёфасини янада обод этишда муҳим аҳамият касб этади.
Йигирма уч километрлик йўл — бу шунчаки асфальт эмас! Бу минглаб инсонларнинг манзилига элтувчи равон йўл, хавфсиз ҳаракат, тежалган вақт ва эртанги кунга ишончдир.
Норинда бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Ҳар бир янгиланаётган йўл туман тараққиётига, аҳоли фаровонлигига ва обод манзиллар барпо этилишига хизмат қилмоқда.
Норин тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати






