БААлик инвестор: “Наманганда мени қўллаб-қувватлашяпти. Фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман”
2026-10-02 14:05:00 / Янгиликлар

Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифлари давомида ушбу лойиҳани янада кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Шундан сўнг, 350 гектар ер ажратилиб, 160 гектарда умумий қиймати 6,0 млн. АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа амалга оширилди. Бу билан йилига 4000 тонна мева маҳсулотлари етиштириш қуввати яратилди ҳамда 60 та янги иш ўринлари барпо этилди. Эътиборли томони, бу ерда етиштирилган маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилмоқда.
Яқинда лойиҳанинг 2-босқичи ишга туширилди. Шу муносабат билан хорижий инвестор - "SURA HOLDING LLC" компанияси раҳбари Аймен Абделбари Наманганга келди.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов хорижий ҳамкорни қабул қилди.
Самимий ўтган учрашувда фаолиятни кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, янги лойиҳа доирасида яна янги интенсив боғлар яратиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди. Жаноб Аймен Абделбари кўрсатилаётган эътибор ва амалий ёрдам учун миннатдорлик билдириб, қўшимча инвестициялар киритиш бўйича таклифларини билдирди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги билан бир қаторда туризм, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда ҳам янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими хорижий инвесторни қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Янгиқўрғон тумани ҳокими ва тегишли мутасаддиларга вазифалар белгилаб берди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати



