Ёшлар учун янги имкониятлар майдони
2026-09-25 21:50:00 / Янгиликлар

“Уч фаввора ҳиёбони”да “Янги Ўзбекистоннинг истиқболли кадрлари” ТОП-100 танлови ғолибларини тақдирлаш маросими, “Ёшлар сайилгоҳи”да эса “Мен танлаган касб” ёшлар сайли ташкил этилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори Улуғбек Хусаинов, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида, вилоят ҳокими ва меҳмонлар “Ёшлар сайилгоҳи”да ташкил этилган кўргазма ҳамда касблар ярмаркасини кўздан кечирди. Ёшларга турли касб ва мутахассисликлар, таълим йўналишлари ҳамда касбий ривожланиш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан махсус техника ва жиҳозлар намойиш этилди.
Айниқса, ёшларнинг ўз қизиқиши ва қобилиятига мос касбни танлашига кўмаклашувчи “Касблар ва меҳнат ярмаркаси” фестивалнинг асосий мазмунини ташкил этди.
Шундан сўнг тадбирнинг расмий қисми бўлиб ўтди. Унда Шавкатжон Абдураззоқов ва Улуғбек Хусаинов сўзга чиқиб, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятлар хусусида фикр билдирди.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистоннинг истиқболли кадрлари” ТОП-100 танловида энг юқори натижаларни қайд этган 100 нафар истиқболли кадр эълон қилиниб, ғолибларга диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари топширилди. Танловга жами 1158 та ариза келиб тушган бўлиб, иштирокчилар тўрт босқичда саралаб олинди.
Тадбир концерт дастури ва ёшлар сайли билан давом этди.
Касблар олами, замонавий имкониятлар ва ёшлар салоҳияти уйғунлашган ушбу тадбир уларнинг келажак касбини белгилаши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун яна бир муҳим майдон бўлди.









