Наманган шаҳрида ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга қаратилган “1 ой — 4 маҳалла” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар вилоят раҳбарига тақдим этилди
2026-09-25 19:15:00 / Янгиликлар

Хусусан, 41 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди. Ёшлар учун 43 та хорижий тил тўгараги ташкил этилиб, касб ўрганиш истагидаги 107 нафар ёш давлат “ваучер” тизими орқали касб-ҳунарга ўқитилди.
Шунингдек, маҳаллаларда 256 та маданий-маърифий ва спорт тадбири ўтказилди, 6 та спорт майдончаси ҳамда 18 та кутубхона фойдаланишга топширилди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тақдимот билан танишиб, камчиликларни бартараф этиш, лойиҳа қамровини кенгайтириш ва ёшларнинг таклиф-ташаббуслари билан ишлашни янада кучайтириш юзасидан топшириқлар берди.
Тадбир якунида давлат ғамхўрлигида бўлган 4 нафар ёшга хонадон калитлари топширилди. Ёшлар билан мулоқотда уларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, илм олиш, касб эгаллаш ва янги ташаббусларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Наманган шаҳар ҳокимлиги
Матбуот хизмати





