“НАВБАҲОР” - “АЯКС”: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
2026-09-21 22:30:00 / Янгиликлар

Бугун “Аякс” вакиллари - клубнинг футбол ҳамкорликлари бўйича директори Corné Groenendijk, инсон ресурслари бўйича директор Sebastian de Bruin ҳамда бошқа масъуллар вилоят ҳокимлигида қабул қилинди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов билан бўлиб ўтган ўзаро мулоқотда “Навбаҳор” ва “Аякс” ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда мазкур ҳамкорликнинг амалий натижаларини янада оширишга алоҳида урғу берилди. Иқтидорли болаларни эрта аниқлаш ва саралашдан тортиб, уларни босқичма-босқич профессионал футболга тайёрлашгача бўлган яхлит тизимни биргаликда ривожлантириш, мураббийлар ўртасида тажриба алмашиш ва “Навбаҳор” учун кучли футбол захирасини шакллантириш борасида фикр алмашилди.
“Аякс” делегацияси Намангандаги илк таассуротлари билан ўртоқлашар экан, вилоят аҳлининг самимийлиги ва футболсеварлигини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида, томонлар бугун шаклланаётган муносабатлар келгусида янада кенг кўлам касб этиши учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар.
Мулоқот фақат футбол билан чекланиб қолмади. Наманган ва Нидерландия ўртасидаги алоқаларни бошқа соҳаларда ҳам ривожлантириш, хусусан, Наманганнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган Халқаро гуллар фестивалидан тортиб, спорт ва маданий алмашинувларгача бўлган йўналишларда янги ҳамкорлик имкониятларини излаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида эса дўстона муносабатларни ифодаловчи ўзига хос рамзий лаҳза кузатилди —меҳмонларга исмлари туширилган футболкалар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати





