Европа Иттифоқи давлатлари элчилари Наманганда!
2026-09-16 12:00:00 / Янгиликлар

Нуфузли делегацияни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қабул қилди.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маркази”да ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида изчил ривожланиб бораётган муносабатларни ҳудудлар даражасида мустаҳкамлаш, Европа компаниялари ва инвесторлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, инвестиция, экспорт, туризм, “яшил” технологиялар, замонавий агротехнологиялар, рақамлаштириш, таълим ва касбий тайёргарлик истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Ўзаро мулоқотда Наманганнинг бу борадаги мавжуд иқтисодий салоҳияти ва ўсиш кўрсаткичларига ҳам эътибор қаратилди. Сўнгги беш йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 3,1 баробарга ошди. 8,5 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, бугунги кунда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар сармояси иштирокида 19 та қўшма ва хорижий корхона фаолият юритмоқда.
Европа бозори билан савдо алоқалари ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилда Европага экспорт ҳажми 10 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 36 миллион долларга етди. Жорий йилнинг саккиз ойида эса Европа Иттифоқи давлатлари билан ташқи савдо айланмаси 120,8 миллион доллар, экспорт ҳажми 46 миллион долларга тўғри келмоқда.
Айни пайтда ўсиш фақат рақамларда эмас, экспорт географиясида ҳам акс этмоқда. 2020 йилда 85 та маҳаллий корхона ЕИнинг 8 та давлатига маҳсулот экспорт қилган бўлса, 2026 йилнинг саккиз ойида 215 та корхона 18 та давлат бозорига маҳсулот етказиб берди.
Музокараларнинг асосий жиҳати — келгуси ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлар илгари сурилгани бўлди. Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан 7 та устувор йўналишда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Хусусан, Европа молия институтлари билан Наманган учун инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш, Финляндия билан замонавий агротехнологиялар, “яшил” технологиялар ва таълим, Испания ҳамда Греция билан агросаноат ва туризм, Словакия билан автомобилсозлик ва касб-ҳунар таълими, Польша ҳамда Руминия билан агросаноат ва озиқ-овқатни қайта ишлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикрлар алмашилди. Латвия билан эса рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат, АйТи, рақамли давлат хизматлари ва замонавий таълим технологиялари бўйича ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.
Ўз навбатида Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Тойво Клаар ва элчилар ҳам сўз олиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари хусусида фикр билдирдилар.
Тадбир давомида меҳмонларга Наманган вилоятининг инвестициявий салоҳияти ҳамда Гул байрамига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Учрашув якунида билдирилган таклифларни амалий лойиҳаларга айлантириш, Европа компаниялари ва молия институтлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда Наманган ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли, ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









