СЕУЛДА «ЎЗБЕКИСТОН-КОРЕЯ» БИРИНЧИ ҲУДУДЛАРАРО ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ: НАМАНГАН ВИЛОЯТИ УЧУН ЯНГИ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛИ КЕЛИШУВЛАР
2026-09-11 13:55:00 / Янгиликлар

Форумда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқди.
Вилоят раҳбари ўз маърузасида Наманган вилоятини Фарғона водийсининг юқори демографик ва меҳнат салоҳиятига эга бўлган, энг жадал ривожланаётган саноат-аграр ва логистика марказларидан бири сифатида тақдим этди. Тадбир нафақат ҳудудлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, балки ўзаро ишонч ва узоқ муддатли шерикликка асосланган янги ҳамкорлик лойиҳаларини шакллантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Форум доирасида Наманган вилояти ҳокими ва делегация аъзолари Кореянинг бир қатор провинциялари губернаторлари, шаҳар мэрлари ҳамда йирик компаниялари вакиллари билан G2B ва B2B форматларида самарали учрашувлар ўтказди.
Музокаралар ва очиқ мулоқотларнинг энг муҳим натижаси сифатида, корейс компаниялари билан қарийб 200 миллион долларлик инвестиция келишувлари имзоланди. Бундан ташқари, томонлар ўртасида умумий қиймати 30 миллион долларлик савдо шартномалари тузилди.
Форум якунлари бўйича эришилган ушбу келишувлар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиб, келгусида янада йирик ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилади.






