Наманган вилояти делегацияси Жанубий Кореяда: Сеулда “KIND” корпорацияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди.
2026-09-10 17:45:00 / Янгиликлар

Музокаралар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ҳудудлар даражасидаги амалий лойиҳалар билан бойитиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда Наманган вилояти Ўзбекистоннинг энг жадал ривожланаётган ва аҳолиси тез ўсаётган ҳудудларидан бири эканлиги таъкидланиб, замонавий шаҳар инфратузилмасига бўлган юқори талабни қондириш мақсадида “Янги Наманган” шаҳарчасини барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди.
Ушбу лойиҳа фақатгина турар жойлардан иборат бўлибгина қолмай, экологик тоза ҳудудлар, саноат кластерлари, савдо ва ижтимоий объектларни ўзида мужассам этган замонавий экотизим (Smart City) концепциясига асосланади.
Музокаралар давомида “KIND” корпорацияси билан Наманганда Кореянинг илғор стандартлари ва энергия тежамкор технологияларини қўллаган ҳолда замонавий кўп қаватли шинам турар жой массивларини қуриш, лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида, корпорация кўмагида Кореянинг йирик инвестиция фондлари ва халқаро молия институтлари сармояларини жалб қилган ҳолда амалга ошириш, шаҳарчанинг йўл-транспорт тизими, сув тозалаш иншоотлари ва яшил энергия таъминотини лойиҳалашда Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини татбиқ этиш каби устувор йўналишларда узоқ муддатли ва манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида лойиҳалар кўламини жойида ўрганиш ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишиш учун “KIND” корпорацияси раҳбариятини Наманган вилоятига таклиф этилди.




