Наманганда Япония таълим тажрибаси синовлари давом этади.
2026-09-08 17:25:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа доирасида вилоят бўйича 17 та умумтаълим мактаби ҳамда 18 та мактабгача таълим ташкилоти танлаб олиниб, уларда Япон таълим тизимининг самарали йўналишлари жорий этилмоқда. Эътиборлиси, бу жараёнга соҳада катта тажрибага эга япониялик мутахассис - Гото Микако хоним жалб этилган.
Эндиликда бу ҳамкорликка Япониянинг Kawaijuku Group таркибидаги таълим компанияси - KEI Advanced ҳам қўшилмоқда.
Компания таълим сифатини баҳолаш, тест тизимлари, ўқитувчилар малакасини ошириш ва япон таълим тажрибасини хорижда жорий этиш билан шуғулланади.
KEL Advanced ҳамда унинг Ўзбекистондаги асосий ҳамкор тузилмаларидан бири ҳисобланган NGEA (Nippon Global Education and Assessment) компаниялари менежери Nobuaki Kimura Наманганга келди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов меҳмонларни қабул қилди.
Вилоят раҳбари дастлаб япониялик мутахассис Гото Микако хонимга Наманганда олиб бораётган самарали фаолияти учун миннатдорлик билдирди.
Жаноб Nobuaki Kimura 2023 йилда Тошкентда ташкил этилган Nippon Global Education and Assessment ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланишича, компания 2021–2023 йилларда JICA лойиҳаси доирасида 14 та ҳудуддаги 40 та мактабда япон услубидаги баҳолаш ва математика таълими ёндашувларини синовдан ўтказган.
Ўзаро мулоқотда Наманганда ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама қилинди. Икки томон ўртасида замонавий яхлит таълим моделига оид нотижорат музокаралар, ахборот алмашинуви, имкониятларни ўрганиш ва ҳамкорликни тайёрлаш учун умумий доирани белгиловчи меморандум имзоланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати





