Наманганда пахта йиғим-теримига «оқ фотиҳа» берилди
2026-09-06 12:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилда вилоят бўйича 48 минг 800 гектар майдонга чигит экилиб, экинлар агротехник талаблар асосида парваришланди. Мавсум якунига қадар ҳар гектардан ўртача 52,2 центнердан, жами 254 минг 500 тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган.
Айни кунларда пахтазорлар чамандек очилиб, янги мавсумнинг масъулиятли босқичи бошланмоқда. Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш мақсадида вилоятда 856 та йиғим-терим отряди ташкил этилди. Мавсумда ҳосилнинг 70 фоизини терим машиналари ёрдамида йиғиштириб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 178 та пахта терим агрегати жалб этилади. Эътиборлиси, жорий йилда вилоятга 57 та янги пахта терим машинаси харид қилинди.
Мингбулоқ туманидаги «Элита уруғчилик» фермер хўжалиги дала шийпонида «2026 йил ҳосили учун етиштирилган пахта хомашёсини нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, пахта йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш» мавзусида ўтказилган вилоят кўргазмали семинар-йиғилишида қишлоқ хўжалиги соҳаси фахрийлари, нуронийлар, вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, туманлар ҳокимлари ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Семинар давомида пахта ҳосилини нест-нобудгарчиликсиз йиғиб олиш, теримни белгиланган муддатларда сифатли ташкил этиш, меҳнат жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, жорий йилги ҳосилни қисқа муддатда йиғиб олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мавсумни юқори савияда ташкил этиш, пахта хомашёсини даладан йиғиштириб олиш, теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда белгиланган режаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, тадбирда жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Нуронийлар дуога қўл очиб, деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнатига барака, юртимиз дастурхонига тўкинлик тиладилар, пахта йиғим-терим мавсумига «оқ фотиҳа» бердилар.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









