“Подшо ота” сойида сунъий кўл: туризм учун янги имкониятлар
2026-09-04 18:55:00 / Янгиликлар

Айни кунларда ҳудудлардаги экотуризм имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Нанай - туризм қишлоғида бўлиб, “Зарбдор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган “Подшо ота” сойида сунъий кўл ташкил этиш лойиҳаси билан танишди.
Лойиҳага асосан 6 гектар ер майдонида 7,2 млрд.сўм эвазига замонавий, сунъий кўл барпо этилади. Айни кунларда "Bek grof" МЧЖ томонидан суниъий кўл учун ер тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
"Подшо ота" сойининг "Қизилёзи" маҳалласи ҳудудидан ўтган қисми соҳил бўйларида бўш турган 2 гектар ер майдонида ҳам замонавий архитектура ечимлари асосида сунъий кўл, 2 км.узунликдаги пиёдалар йўлакчаси, 65 та қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган. Мазкур қиймати 9,5 млрд.сўмлик лойиҳа "Kelajak mega stroy" МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Вилоят раҳбари лойиҳаларни амалга оширишда сифат, хавфсизлик ва экологик талабларга қатъий риоя этиш, ҳудудда сунъий кўл яратиш лойиҳаси устида ишлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши орқали ҳудудда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, хизматлар соҳаси салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати








