Қурилиш соҳасидаги масалалар муҳокама қилиниб, тадбиркор ва инвесторларга амалий кўмак бериш чоралари белгиланди
2026-08-31 19:30:00 / Янгиликлар

Мулоқотда, аввало, қурилиш соҳасида тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммолар, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнидаги айрим тўсиқлар, ҳужжатларни расмийлаштириш, лойиҳаларни келишиш ва қурилиш ишларини ўз вақтида бошлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Вилоят раҳбари қурилиш соҳасида ортиқча бюрократик тўсиқларга мутлақо йўл қўйилмаслиги, тадбиркор ва инвесторларнинг вақтини оладиган сунъий тўсиқларни бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
— Тадбиркорнинг ишини ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия билан қийинлаштиришга йўл қўймаймиз. Ҳар бир лойиҳанинг ўз вақтида ишга тушиши, янги иш ўринлари яратилиши ва инвестициялар самарали ўзлаштирилиши учун барча имкониятларни яратамиз, — деди вилоят ҳокими.
Учрашувда реновация жараёнларини янада жадаллаштириш, аҳоли учун замонавий ва қулай кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш, шаҳар ва туманларда қурилиш ишларини белгиланган муддатларда амалга ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда давлат буюртмаси асосидаги қурилишларни сифатли ва қисқа муддатларда якунлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Лойиҳаларни амалга оширишда ҳужжатларнинг тўлиқ ва сифатли расмийлаштирилиши муҳимлиги қайд этилди. Бу борада тадбиркор ва қурилиш ташкилотларига зарур амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида масъул ходимлар бириктирилиши белгиланди.
Учрашув давомида қурилиш ташкилотлари раҳбарлари ўзларини қизиқтираётган масалалар, хусусан, махсус техника воситаларининг қурилиш материаллари ва юклар билан ҳаракатланиши, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган ташкилий масалалар юзасидан мурожаатларини билдирди.
Вилоят ҳокими мазкур масалаларни амалдаги қонунчилик доирасида ҳал этиш бўйича зарур кўмак кўрсатилишини, тадбиркорларнинг фаолиятига қонуний ва амалий жиҳатдан шароит яратиб бериш муҳим вазифа эканини таъкидлади.
Айниқса, республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар бўйича вилоят раҳбари шахсан кўмаклашиши ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда уларнинг ечимини таъминлашини билдирди.
Учрашувда ҳар бир мурожаат ва таклиф алоҳида кўриб чиқилиб, улар бўйича масъуллар белгиланди. Мақсад — қурилиш соҳасидаги ишларни тезлаштириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ишга тушириш, замонавий уй-жойлар ва ижтимоий объектларни сифатли барпо этиш ҳамда тадбиркорлар учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш.
Вилоятда қурилиш суръатларини ошириш билан бир қаторда, объектларнинг сифати, шаҳарсозлик талабларига риоя этилиши ва аҳоли учун қулай инфратузилма яратилиши доимий назоратда бўлиши белгиланди.
Учрашув якунида масъулларга ҳар бир лойиҳа бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мурожаатларни сансалорликка солмасдан, амалий натижа билан ҳал этиш юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди.
Давлатобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати









