Наманган аэропорти юк ташиш географиясини кенгайтиради
2024-09-11 10:30:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифлари давомида Наманган халқаро аэропортини давлат хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш лойиҳасини амалга ошириш вазифаси юклатилган эди.
Инвесторлар билан ўтказилган музокаралар натижасида мазкур лойиҳани "NAMANGAN AIR SOLUTION" корхонаси томонидан қисқа муддатда амалга ошириш таклифи билдирилиб, келишувга эришилди.
"Карго" - француз тилидаги "cargo" сўзидан олинган бўлиб, у ўз навбатида, лотинча "carricare" сўзидан келиб чиққан. "Карго" юк, товар ёки транспорт қилинувчи маҳсулотларни англатади. Асосан денгиз, ҳаво ва ер усти транспортида катта ҳажмдаги юкларни ташишга нисбатан ишлатилади.
Бугун эрта тонгдан “Наманган халқаро аэропорти”да ана шу эзгу ишга “оқ фотиҳа” берилди.
Ўтказилган тантанали маросимда тадбиркорлар, нуронийлар, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов табрик сўзида ҳурматли Юртбошимиз ташаббуслари билан йўлга қўйилаётган бу тизимнинг вилоят иқтисодий ҳаётида, хусусан, эскпорт салоҳиятини оширишдаги аҳамиятига тўхталди.
- Эндиликда Наманган маҳсулотларини хорижий давлатларга ҳаво транспорти орқали сифатли етказиб бериш тизимининг йўлга қўйилиши экспорт ҳажмлари кўпайиши, экспортчи корхоналар сонининг ортиши ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш имконини беради, - дея таъкидлади вилоят раҳбари.
Маросимда урф-одатларимизга кўра жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Нуронийлар эзгу ишларга муваффақият тилаб, дуога қўл очдилар.
Маълумот учун: ҳозирги кунда вилоятимизда 560 тадан ортиқ маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳамда етиштирилган мева-сабзавотлар дунёнинг 65 та давлатига экспорти амалга оширилмоқда. "Карго" тизими орқали яна 22 та янги давлатлар борзорига кириб борилади ва экспорт географияси 90 тага етказилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.









