Наманганда “Аякс” футбол академияси очилди
2026-08-29 16:05:00 / Янгиликлар

Очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар, спортчилар, футбол фахрийлари, ёш футболчилар, мухлислар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, академия “Навбаҳор” футбол клуби билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, унда нидерландиялик мутахассислар ҳудуддаги иқтидорли ёш футболчиларга замонавий Европа футболи тажрибаси асосида сабоқ беради.
Асосий мақсад — келгусида Ўзбекистон футболи шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодли футболчиларни тарбиялаш.
Сўнгги йилларда Наманганда футболга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ЖЧ-2026 мусобақасида “Навбаҳор” футболчилари Ўткир Юсупов ва Русланбек Жиянов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил июнь ойидаги Наманганга ташрифи давомида ҳам “Марказий” стадиони ва “Аякс” академиясига алоҳида эътибор қаратилди. Стадион майдони жаҳон стандартлари асосида янгиланиб, клуб учун замонавий шароитлар яратилди.
“Аякс” академиясининг Наманганда очилиши вилоят футболи учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу ердан янги юлдузлар ва чемпионлар етишиб чиқиб, Ўзбекистон байроғини жаҳон майдонларида баланд кўтарадиган футболчилар сафини кенгайтириши кутилмоқда.
Давлатобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати






