Наманган вилояти ҳокими Абдуразаков Шавкат Шокирджановичнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи
2024-08-29 20:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум,
Азиз юртдошлар !
Муҳтарам меҳмонлар !
Аввало, Сизларни ва Сизлар орқали барча наманганликларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги билан самимий табриклайман: байрам барчамизга муборак бўлсин!
(Пауза. Қарсаклар)
Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли янгиланишлар жараёнининг амалий натижасида бугунги кунда аҳоли фаровонлиги ва юртимиз тараққиётида катта ўзгаришлар содир бўлмоқда.
Мана шундай ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этаётган Наманган ва наманганликлар ҳам қутлуғ айёмни янада обод ҳолда, ўзига хос ютуқлар билан қарши олмоқда.
Фойдаланишга топширилаётган юзлаб янги объектлар мисолида буни яққол кўриш мумкин.
Тўйга тўёна билан деганларидек, мустақиллик байрами арафасида эл хизматини бошлаётган объектлар салмоғи кўплиги ҳам фикримиз далилидир.
Бугун кўркамлиги билан Сизларни ўзига мафтун қилаётган “Янги Ўзбекистон боғи” шулардан бири.
Ушбу мажмуа бетакрор манзараси, ёзги амфитеатр, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, сунъий кўл, "Ватанпарварлик боғи", хизмат кўрсатиш шохобчалари билан халқимизнинг энг севимли масканларидан бирига айланиши шубҳасиз.
Куни кеча вилоят марказида хориждан келтирилган 36 дона энг замонавий автобуслар ҳаракатини йўлга қўйганимиз эса байрамга муносиб туҳфа бўлгани юртдошларимиз қувончида ўз аксини топмоқда.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Муҳтарам Президентимизнинг Фармонларига асосан эл-юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар Давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан мукофотланмоқдалар.
Улар орасида вилоятимиз вакиллари ҳам кўплиги бизни қувонтиради.
Хусусан, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Наманган вилоятимизда яшаб, меҳнат қилаётган 25 нафар юртдошимиз шундай юксак эътирофга сазовор бўлдилар.
Улар орасида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор» фахрий унвонига муносиб кўрилган Мингбулоқ туманидаги «Бахтиёр Абдусаломович» фермер хўжалиги бошлиғи Қодиров Бахтиёр Абдусаломович,
«Дўстлик» ордени соҳиби:
Тўрақўрғон туманидаги «4-қишлоқ қурилиш комбинати» масъулияти чекланган жамияти кузатув кенгаши раиси, Фозилов Аҳмаджон Турғунбаевич,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби: Давлатобод туманидаги 81-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Абдуалимов Алохон,
“Шуҳрат” медали билан тақдирланган Уйчи тумани ҳокими Мусаев Шуҳрат Мирсодиқович,
Наманган туманидаги «Nam Motor Servis» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бекмирзаев Бахтиёр Содиқжонович ва яна кўплаб бошқа фаолларимиз бор.
Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасига яна бир бор Давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари муборак бўлсин деймиз.
Қадрли ҳамюртлар!
Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қилиш, келгуси режалар ҳақида халқимизни хабардор этиш эзгу анъанага айланган. Бугун ортга бир назар ташлаб, ҳозиргача бажарилган ишларни таҳлил қилсак, яқин келажак учун режалаштирилган устивор вазифаларни яна бир бор аниқлаштириб олсак.
Шу ўринда яқин йиллар ичидаги ўзгаришларни кўз олдингизга келтиришингиз учун эътиборингизни айрим рақамларга қаратмоқчиман.
Энг аввало, вилоят салоҳиятини белгилайдиган кўрсаткич – ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини олиб кўрайлик.
2017 йилда 17.8 трлн. сўмни ташкил этган бу рақам ўтган йил якунига келиб 3.2 баробарга ортди.
Айниқса, ўтган етти йилда инвестициялар 5,6 баробарга, пудрат ишлари 5 баробарга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш
4.7 баробарга ошгани иқтисодий ўсишнинг барқарорлигидан далолат.
Сўнгги етти йилда тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида тижорат банклари томонидан
30 трлн.сўмдан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилди.
Тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун 300 дан ортиқ бўш турган давлат мулклари объектлари ва 2 мингга яқин ер участкалари белгиланган тартибда ажратиб берилди.
Наманган тажрибаси сифатида 73 та кичик саноат ва 2 та эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Ушбу саноат зоналарига 1300 тадан ортиқ лойиҳалар жойлаштирилиб, 66 мингта дан зиёд янги иш ўринлари яратилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Президентимиз томонларидан “Наманган тадбиркорлар юрти, ўрта ва кичик бизнес марказига айланди”, дея берилган юксак баҳо Наманган аҳлининг ҳамжиҳатлик билан олиб борган ана шу меҳнатлари шарофатидир.
Зеро, кичик бизнес субъектлари сони ҳозирги вақтда 37 мингтага етиб, етти йил аввалгига нисбатан таққослаганда 2 баробарга ортди. Йирик тадбиркорлик субъектлари сони 65 тадан 126 тага кўпайди.
Азиз дўстлар!
Яна бир муҳим йўналиш - хорижий инвестор ва дунё бренд компанияларининг кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ишончи ортди. Шу боис Наманган вилоятида ҳам хорижий ҳамкорлар сони йил сайин ортиб боряпти, экспорт ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши таъминланмоқда.
Масалан, хорижий Инвестициялар ҳажми 1,8 млрд.долларни ташкил этиб, 12 баробарга ортди ҳамда қўшма корхоналар сони 370 тага етди.
Жорий йилда 3,0 млрд.доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштириш мақсадида амалий ишларга киришганмиз. Натижада бу кўрсаткич ҳам 2017 йилга нисбатан 50 баробарга ортади.
Аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қиладиган энг асосий масалалар, шубҳасиз, бу коммуникация соҳаси, инфратузилма, тураржой билан боғлиқ десак, асло янглишмаган бўламиз.
Қаранг, йўл инфратузилмасини яхшилаш борасида вилоятимизда
2017-2023 йилларда жами 6 803,2 км. узунликдаги йўллар ҳамда 26 дона кўприклар таъмирланди.
Бу ишлар давом эттирилиб, жорий йилда ҳам 425 км. йўлларда асфальтлаш ҳамда 4 дона йўл ўтказувчи кўприкларда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, яқинда халқимизнинг узоқ йиллик орзуси бўлган Пунгон-Наманган йўналишидаги 4R112 автомобил йўлини реконструкция қилиш ишлари бошланди.
Ушбу йўналишда 75 км. масофадаги автомобил йўли қурилиши Хитой Халқ Республикасининг дунёда ўз брендига эга Citic Construction компанияси томонидан бошлаб юборилди.
Шу ўринда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманигача бўлган 100 километр масофада йўл бўйи инфратузилмасини тартибли ташкил қилиш бўйича “Мастер режа” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилмоқда.
Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш ҳам доимий эътиборда.
Хусусан, 2017-2023 йиллар давомида умумий ҳисобда 4360,5 км. ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция ишлари олиб борилди.
Натижада, 485 минг нафардан ортиқ ахоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди ва 650 минг нафардан ортиқ аҳолининг эса сув таъминотини яхшиланди ёки ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 56,3 фоиздан 82,7 фоизга ўсишига эришилди.
Масалан, шу мавзуда энг кўп мурожаат келиб тушадиган Поп тумани “Уйғурсой” маҳалласида 23 млрд.сўм маблағ ҳисобига “Ахча” сув иншоотидан 18 км. ичимлик сув тортилди, 2,1 км канализация янгиланди.
Электр энергияси таъминоти борасида ҳам шундай мисолларни келтириш мумкин.
Ўтган 7 йил давомида 3,8 минг км. тармоқлар ҳамда 2 568 та трансформатор пунктлари реконструкция ҳамда модернизация қилинди.
Шунинг ортидан 1,3 млн. дан зиёд истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланди.
Азиз наманганликлар!
Энг асосийси, инфратузилма баробарида бугун улкан қурилиш майдонига айланган Наманган вилоятида жадал суратлар билан давом этаётган бунёдкорлик ишларини, айниқса, янги массив ва “Сити”ларни ҳам ҳар қанча эътироф этсак арзийди.
Зеро, ўтган беш-олти йил ичида яқин тарихимиздаги юз йиллар мобайнида уддасидан чиқилмаган қурилишлар амалга оширилдики, яқин орада Намангандан четроқда юрган киши бугун ўзи яшайдиган кўчасини ҳам танимай қолаётгани муболаға эмас.
Аҳолининг энг кўп талаб ва эҳтиёжи ҳисобланган тураржой масаласига катта эътибор қаратилиб, 2017-2023 йилларда 15 минг 515 та хонадонли 486 та кўп қаватли уйлар қурилди.
Мисол учун, Чуст тумани “Гулзор” маҳалласи ҳудудида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон массиви”да барча қулайликларга эга 300 та хонадонли
15 та кўп қаватли уйлар, 50 қатновли врачлик пункти ҳамда 360 ўринли мактабгача таълим муассасалари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.
Ҳудди шундай массив Поп туманида ҳам барпо этилди.
Қурилиш ҳақида гап кетганда, “Янги Наманган шаҳарчаси” ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасдан иложи йўқ.
“Бир миллионлик шаҳар” мақомини олган ва аҳоли зичлиги катта бўлган Наманган вилоятида уй-жой қуриш ишларини кенгайтиришни давр талаб этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, 2 йил олдин 1 минг 203 гектарда 200 минг аҳоли учун “Янги Наманган шаҳарчаси” қурилиши бошланди. Жорий босқичда 20 минг хонадонли турар-жой, шаҳарча ичида “Талабалар шаҳарчаси” барпо этилмоқда.
Наманган вилоятидаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлган ушбу манзилда 50 мингдан ортиқ хонадонли 721 та турар-жой мажмуалари, 28 та умумтаълим мактаби, 24 та болалар боғчаси, 5 та шифохона ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қад ростлайди.
Айни пайтда дастлабки лойиҳалар ижросига киришилган бўлиб, бунёдкорлик жараёни изчил давом этмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 25-26 март кунлари вилоятимизга ташрифлари чоғида ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаганлари бунёдкорлик жараёнларини янада тезлатишда муҳим омил бўлди.
Юртбошимизнинг ташрифлари давомида Уйчи туманида қуввати 228 МВт бўлган “Норин ГЭСлар каскади” қурилишига старт берилган эди. Ҳозирда бу ерда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Ушбу ГЭСлар каскади орқали 228 Мега ваттли 6 та станцияда йилига 1 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эришилади.
Ҳурматли тантана иштирокчилари!
Кейинги йилларда Давлат ташкилотлари ўзининг энг асосий вазифаси сифатида халқнинг оғирини енгил қилишга киришган. Яъни аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш устувор вазифага айланди.
Бугунги кунга келиб Наманганда доимий яшовчи аҳоли сони 3 млн. 100 минг кишига яқинлашди. Кўриниб турибдики, аҳоли сони йил сайин ўсиб боряпти.
Бу эса ислоҳотларни тезлатиш, халқимизга қулай шароитлар яратишни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, олдимизга катта марраларни қўйганмиз.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2024 йилда вилоятимизда ҳам юрт ободлигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда мақсадли давлат дастурлари доирасида ҳудудларда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 964 та объектда қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишларига 3 трлн. 245 млрд.сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Биргина инвестиция дастури доирасида 130 та объектларга
930 млрд.сўм йўналтириш белгиланган.
Бунда 48 та мактаб, 11 та мактабгача таълим, 10 та соғлиқни сақлаш ва бошқа объектлар қамраб олинган.
Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбарининг 2024 йилда “Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги махсус қарори билан Наманган вилоятига 105 млрд. сўм ажратилди.
Бу эса қурилишларни вилоят марказидан тортиб, энг чекка ҳудудларгача қамраб олиш имконини бермоқда.
Ушбу маблағлар эвазига маҳаллаларда 158 та лойиҳаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалалар тизимли ҳал этилмоқда.
Хусусан, жойларда коммунал соҳалар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш орқали аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга киришилди.
Эътибор беринг, турли дастур ва режалардан ташқари яна шунча маҳаллада аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилади.
Бугун, айниқса, кўп йиллар эътибордан четда қолган, муаммолар гирдобида бўлган энг чекка ҳудудлардаги ички кўчаларгача асфальт ётқизилаётгани, электр тармоқлари янгиланаётгани, тоза ичимлик суви кириб бораётгани юртдошлларимизни беҳад мамнун қилмоқда, албатта.
Бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор наманганликлар шу ишларнинг бошида турган ҳурматли юртбошимизга раҳматлар айтмоқдалар.
Азиз дўстлар !
Кейинги йилларда драйверга айланиб бораётган туризм соҳасида ҳам Наманган беқиёс салоҳиятга эга эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Энг аввало, мафтункор ва бетакрор табиатимиз, қадамжоларимиз бор.
Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан қайта ҳаёт бағишланаётган Ахсикент тарихий ёдгорлиги бугун дунё олимларини ўзига чорламоқда.
Қолаверса, Чуст туманининг “Резаксой” ҳамда Чортоқ туманидаги “Чортоқ сув омбори” ҳудудида эко, дам олиш масканлари, ов ва гастрономик туризм хизматлари ташкил этиш бўйича ҳам ишларимиз бор.
63-Халқаро гуллар фестивалининг ўзида Наманганга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган меҳмонлар
6 млн.га етгани, хорижий сайёҳлар эса 200 мингдан ошгани ҳам соҳада фойдаланишимиз мумкин бўлган имкониятлар кўлами кенглигининг исботидир.
Бу ўзгаришларнинг барчаси муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга эътиборлари натижаси десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Азиз Наманганликлар!
Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бу йил ҳар соҳада маррани баланд олганмиз.
Йил якуни билан вилоят иқтисодиёти ўтган йилга нисбатан 7,0 фоизга ўсиши таъминланади.
Йил якуни билан 433 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси йил бошидаги 7 фоиздан 5,2 фоизга туширилади.
Маҳаллаларда инвестиция дастурига киритилмаган 5 000 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
Азиз юртдошлар !
Янги-янги ғояларни амалга ошириш, юксак марраларни забт этиш йўлида барчамизни Истиқлол деб аталган буюк неъмат бирлаштириб турибди.
Бу кучни Янги Ўзбекистонни барпо қилиш учун сарф этиш, олдимизга қўйилган юксак мақсадларга эришишда айнан бирдамлик кўмаклашади.
Шунинг учун ҳам Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида Мустақиллик байрами «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган бош ғоя асосида ўтказилиши қайд этилди.
Дарҳақиқат, мамлакатни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш, янги жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган барча ислоҳот халқимизнинг жипслиги, бирдамлиги, эзгу мақсадлар йўлида якдил интилиши натижаси билан рўёбга чиқмоқда.
Юқорида қисқагина қайд этиб ўтилган ютуқларимиз, бунёдкорликлар, энг аввало, бунёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигининг самарасидир.
Биз наманганликлар ана шундай буюк ишларга дахлдор эканлигимиздан фахрланиб, Янги Ўзбекистон келажаги учун ўзимизни янада қалбан сафарбар этиб яшашга бурчлимиз.
Шу туйғу билан яшаш, Ватанни севиш, улуғлаш, мустақиллигимизни асраб-авайлаш, бу байрамни бардавомлигини кўриш барчамизга насиб этаверсин.
Яна бир бор энг улуғ, энг азиз байрам барчамизга муборак бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий, Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Барча эзгу ишларимиз бошида турган Юртбошимиз доим омон бўлсинлар!
Эътиборингиз учун раҳмат!









