Наманган вилояти мусиқали драма театрининг 95-мавсуми очилди
2026-08-09 07:05:00 / Янгиликлар

Тадбир аввалида театрнинг қарийб бир асрлик тарихи, босиб ўтган ижодий йўли, бугунги фаолияти ва эришилаётган натижалар ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, театр жамоасини янги мавсумнинг очилиши билан табриклади.
Вилоят раҳбари театр санъатининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрнига тўхталиб, Наманган вилояти мусиқали драма театри кўп йиллардан буён миллий санъатимиз ва маданиятимизни тарғиб этиб, томошабинларга юксак бадиий асарларни тақдим этиб келаётганини таъкидлади.
Бугун мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, театрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг, тадбирда фахрий меҳмон сифатида иштирок этаётган Қирғиз Республикасининг халқ ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби, Тўқтоғул номидаги Давлат мукофоти лауреати, Халқаро «ТУРКСОЙ» ташкилоти Бош котиби Султон Раев сўзга чиқиб, икки қардош халқ ўртасидаги маданий ва ижодий ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини эътироф этди.
Айни пайтда театр билан ижодий ҳамкорлик доирасида Султон Раев қаламига мансуб «Лайлаклар ноласи» спектаклининг саҳналаштирилгани ҳам қардош халқлар санъаткорлари ўртасидаги яқин алоқаларнинг амалий ифодаси бўлди.
Тантанали тадбирнинг бадиий қисмида театр жамоаси томонидан янги мавсумнинг илк спектакли — «Лайлаклар ноласи» саҳна асари намойиш этилди.
95-мавсумнинг очилиши театр жамоасининг янги ижодий режалари ва янги премьералар сари дадил қадам ташлаётганини намоён этди.









