Наманганда “Ёнғин-қутқарув амалий спорти” бўйича Ўзбекистон Республикаси очиқ чемпионатига старт берилди.
2026-08-06 22:55:00 / Янгиликлар

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашиб, Фавқулодда вазиятлар тизимини ривожлантириш, қутқарувчиларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлигини юксалтиришда мазкур спорт турининг аҳамияти ҳақида сўз юритди ҳамда мусобақа иштирокчиларига муваффақият ва ғалабалар тилади.
Очиқ чемпионатда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий ва таркибий тузилмаларидан 18 та жамоа билан бир қаторда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи кўнгилли қутқарув қисми, “Узкимёсаноат” АЖ “Максам-Чирчиқ” ҳарбийлаштирилган газдан қутқарув отряди, “Ўзбекистон Аэропорт” АЖ Парвозларнинг қидирув ва авария-қутқарув таъминоти хизмати, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қутқарув қисмлари вакиллари иштирок этмоқда.
Мусобақанинг биринчи куни "Ёнғин ўчириш эстафетаси ва ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг тўртинчи қаватига кўтарилиш" якунларига кўра юқори натижа қайд этган спортчилар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Чемпионат баҳслари давом этмоқда.









