Наманганда экология ва саноатни ривожлантиришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
2026-07-28 20:55:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида Наманган вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари, хусусан, эски автомобиль шиналарини қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 22 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2 гектар майдонда автомобиль шиналарини қайта ишлаш орқали қора углерод кукуни, саноат мазути ва каучук доначалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Лойиҳа доирасида йиллик 80 минг тонна ишлаб чиқариш қуввати яратилади, 7,5 миллион АҚШ долларилик экспорт амалга оширилиб, 150 та янги иш ўрни ташкил этилади. Корхонани 2027 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими мазкур лойиҳа ҳудудда экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, саноат салоҳиятини юксалтириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, инвесторларга ҳар томонлама кўмак ва қўллаб-қувватлаш кўрсатилишини билдирди.
Давлатобод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати





