Туркиянинг Düнягöз Ҳоспиталс Гроуп компанияси Наманганда ДХШ асосида замонавий кўз клиникаси очиш ҳаракатида
2026-07-27 23:00:00 / Янгиликлар

Dünyagöz Hospitals Group — Туркияда ташкил этилган ва бутун дунё бўйлаб фаолият юритаётган йирик кўз касалликлари шифохоналар тармоғи ҳисобланади. Туркиядан ташқари Европа, Осиё ва бошқа давлатларда ҳам филиаллари мавжуд.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов меҳмонни қабул қилди.
Ўзаро мулоқотда Наманганда Düнягöзнинг ДХШ асосида кўз касалликларини даволаш клиникасини очиш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Бунинг учун Туркия томони 13 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштирган.
Таъкидлаш жоиз, дунёга машҳур ушбу бренд компания лазер орқали кўришни тузатиш, катаракта операциялари, глаукомани даволаш, ретина (кўз тўри) касалликлари, болалар офтальмологияси, косметик ва функционал кўз операциялари хизматларини таклиф этиб келмоқда.
Шунингдек, лойиҳа доирасида хорижий мутахассисларни жалб этиш, маҳаллий тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, тиббий туризмни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Айни вақтда Hasan Özkaraçalar Наманган вилояти марказида замонавий кўз клиникаси учун мос жойлар билан танишмоқда.
Мазкур ҳамкорлик кўз касалликларини ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш, аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати




