Ирвадондаги болалар шифохонаси қайта таъмирланиб, биринчи босқичи фойдаланишга топширилди
2024-08-26 11:15:00 / Янгиликлар

Истиқлолимизнинг 33 ёши нишонланадиган йилда Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 10 та даволаш-профилактика муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва уларга 65,6 млрд. сўм маблағ сарфланди. Байрам арафасида уларнинг тақдимоти кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда.
Давлатобод тумани "Ирвадон" маҳалласи ҳудудида жойлашган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бино ва иншоотлари йиллар давомида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди.
Шуни эътиборга олган ҳолда, жорий йил бошидан 395 ўринли шифохона биноларини реконструкция қилиш ишларига астойдил киришилди.
“Газ таъмир пардоз” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан қисқа фурсатда салкам 10 млрд. сўмликка яқин пардозлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида тиббиёт муассасаси янада кўркам, қулай ва муҳташам саломатлик масканига айланди.
Байрамона руҳда ўтган тақдимот маросимида вилоят сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бу ерда келажагимиз ворисларини безовта қилаётган касалликлардан даволаш, саломатликларини мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, бу каби амалий саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши ҳақида тўхталди.
Рамзий лента қирқилгач, ичкаридаги шароитлар билан яқиндан танишган жамоатчилик вакиллари бунга амалда гувоҳ бўлдилар.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.









