Чорвачилик йўналишидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-22 23:35:00 / Янгиликлар

Учрашувда соҳада фаолият юритаётган 30 нафардан зиёд тадбиркорлар, шунингдек, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Мулоқот давомида тадбиркорлар ўз фаолиятида учраётган муаммо ва таклифларини бевосита вилоят раҳбариятига етказиш имконига эга бўлди. Хусусан, имтиёзли молиялаштириш, импорт жараёнларини соддалаштириш, божхона расмийлаштируви, солиқ маъмурчилиги, ер ва кадастр масалалари ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасига оид мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими соҳада тадбиркорликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини сифатли гўшт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда мазкур йўналишдаги ишбилармонларнинг ўрни алоҳида эканини таъкидлади.
Мурожаатларнинг ҳар бири юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар ижроси масъулларга бириктирилиб, назоратга олинди.
Таъкидланганидек, давлат идоралари билан тадбиркорлар ўртасидаги бундай очиқ мулоқотлар соҳадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ҳамда хусусий сектор фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади









