Наманганда “Мода ва истеъдод – 2026” кечаси юқори савияда ўтказилди
2026-06-18 23:35:00 / Янгиликлар

Тадбирда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур фестивал боис Наманган иқтисодий тараққиёт, туризм, маданият ва замонавий креатив индустриялар марказига айланаётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, “Мода ва истеъдод” лойиҳаси фестивалнинг энг кўп кутилган ва ёшлар учун илҳом бағишловчи платформаларидан бири ҳисобланади. Вилоят раҳбари ўз сўзида мода соҳаси шунчаки либос эмас, балки миллат маданияти, эстетик дид ва иқтисодий тараққиёт кўзгуси эканини таъкидлади.
Шунингдек, Наманган вилояти мамлакатда текстиль ва тикув-трикотаж саноати бўйича етакчи ҳудудлардан бири сифатида юзлаб замонавий корхоналарга эгалиги, маҳаллий брендлар халқаро бозорларга чиқиб бораётгани эътироф этилди.
Тадбирда машҳур дизайнер ва брендлар — Shahzoda Muhammedova, Art by Sofia, Davron Murad, Nadi_uz ҳамда Mursak ўзининг эксклюзив коллекциялари билан қатнашиб, миллий анъаналар ва замонавий услуб уйғунлигини намоён этди.
Шу билан бирга, тадбир давомида халқимизнинг севимли санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кечага янада кўтаринки руҳ бағишлаб, йиғилган меҳмонлар ва томошабинларга унутилмас таассуротлар тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, “Мода ва истеъдод – 2026” дастури эртага — 19 июнь куни ҳам давом этади ва меҳмонлар учун яна бир қатор қизиқарли чиқишлар тақдим этилади.









