Чуст шаҳрининг маъмурий ҳудуди кенгаяди
2024-08-02 16:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрь куни имзоланган “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 — 2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2024-2044 йиллар давомида Чуст шаҳрини янада обод қилиш ва маъмурий ҳудудини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Бу бўйича “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДМ томонидан Чуст шаҳрининг янги бош режаси ишлаб чиқилмоқда.
Бугун Наманган вилояти ҳокимлигида унинг лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирги кунда Чуст шаҳри 2800 гектарни ташкил этиб, 22 та МФЙ мавжуд ва 91 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Бугунги демографик ўсишни ҳисобга олганда, яқин 20 йил ичида аҳоли сони 135 минг нафарга етиши кутилмоқда. Янги бош режага асосан шаҳар майдони 4 минг гектарга етади ва ўнлаб янги ижтимоий объектлар барпо этилади.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Чуст шаҳрининг янги бош режаси лойиҳаси билан батафсил танишиб, масъулларга уни янада такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Хусусан, бунда йўл инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий тураржой ва савдо объектлари барпо этиш, шаҳар марказий кўчаларида туризм йўналишида “Ҳунармандлар кўчалари” ташкил этишга эътибор қаратилади.
Маълумот учун: Чуст – қарийиб 3 минг йиллик тарихга эга қадимий шаҳар. Ўтган асрнинг турли йилларида олиб борилган археологик тадқиқотларда ҳозирги Чустга тўғри келадиган ҳудудда сўнгги бронза - илк темир даврига оид ашёлар топилган. Шаҳар 1926 йилда янги ташкил этилган Чуст туманининг маъмурий марказига айлантирилган.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.






