Ўзбекистон халқ артисти, "Марказий Осиё примадоннаси" Юлдуз Усмонова Наманганда концерт берди
2026-06-05 06:30:00 / Янгиликлар

Бу ерда фестивалнинг кутилган маданий тадбирларидан бири - Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон халқ артисти, Қозоғистон, Туркманистонда хизмат кўрсатган артист, Давлатимизнинг бир қатор юксак мукофотлари соҳибаси Юлдуз Усмонова ижросида наманганликлар ва фестивал меҳмонлари учун катта концерт дастури ташкил этилди.
Тадбир аввалида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, бу йил юбилей санаси нишонланаётган халқаро “Гуллар фестивали”, унинг доирасида ўтказилаётган маданий тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Таъкидлаш жоиз, концерт дастурига кутилганидан ҳам кўп меҳмон келди – 50 000 дан ортиқ мухлислар бевосита “Афсоналар водийси”да Юлдуз Усмонованинг мусиқий гулдастасидан баҳраманд бўлдилар.
Икки соатга яқин давом этган дастур ажойиб оқшомда мафтункор манзара касб этган тематик парк узра томошабинлар жўрлигида ижро этилган “Ҳеч кимга бермаймиз Сени, Ўзбекистон!” қўшиғи билан якунланди.
65-халқаро “Гуллар фестивали” ана шундай авж паллада давом этмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати









